Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Хайр, Бухоро! Салом, Фарғона!


Бухоро шаҳрида “Универсиада – 2013” спорт мусобақаларининг финал босқичи якунланди.1.jpg

...Байрамона безатилган “Бухоро” марказий стадиони узра олий ўқув юртлари талабаларининг “Универсиада – 2013” республика спорт мусобақалари машъаласи порлаб турибди. Майдонни тўлдирган ёш спортчилар ва артистлар мазкур спорт форумига бағишланган вокал-хореографик композицияни ижро этмоқда.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими бошланади. Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келади.

Энг ҳаяжонли дақиқалар – ғолибларни тақдирлаш маросими бошланди.

Мусобақада энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Универсиада – 2013” спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – “Дамас” автомобили билан тақдирланди.2.jpg

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган Самарқанд ва Андижон вилоятлари жамоаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Дамас” автомобиллари топширилди.

Муросасиз курашлар остида ўтган мусобақаларда алоҳида маҳорат кўрсатган, ирода ва ғалабага интилишини намоён этган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи-талабалар махсус совринларга сазовор бўлди.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бунинг самарасида маҳоратли спортчилар сафи кенгайиб бораётгани бу галги Универсиада беллашувларининг юқори натижалари ва рекордларида ҳам намоён бўлди, – дейди “Универсиада-2013”нинг стол тенниси бўйича олтин медали соҳибаси, пойтахтлик Нодира Бурхонхўжаева. – Юртбошимизнинг биз, ёшларга эътибори ва ишончи бизни халқаро ареналар сари дадил одимлашимизда муҳим омил бўлаётир.3.jpg

Мамлакатимизда олтинчи бор ўтказилган Универсиада олимпия тамойилларига қатъий риоя қилинган, холислик, ҳалоллик, адолат, ўзаро дўстлик, рақибга ҳурмат каби умуминсоний қадриятлар бош мезон бўлган беллашувларда иштирокчиларнинг кўрсаткич ва натижалари тобора ўсиб бораётгани қайд этилди. Кўплаб янги рекордлар ўрнатилди. Бу келажакда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга қодир спортчилар захирасида иқтидорли ёшлар сафи кенгайиб бораётганининг яна бир далилидир.

Бухородаги Универсиада беллашувларида маҳорат кўрсатган спортчи ёшларнинг аксарияти энди Жаҳон универсиадасида қатнашади. Шу йилнинг 6-17 июль кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида ўтадиган ушбу нуфузли мусобақада саксон нафар спортчидан иборат Ўзбекистон спорт делегацияси спортнинг ўн тўрт тури бўйича ғолиблик учун куч синашади.4.jpg

Бухорода ўтган мусобақалар нафақат Ўзбекистон спорти ҳаётида катта воқеа, балки барча жабҳаларда эришаётган ютуқлари билан Ватанимиз шарафини улуғлашга қодир ёшларимизнинг том маънодаги ёшлик ва гўзаллик байрамига айланди. Истиқлол йилларида умидли спортчиларимиз халқаро миқёсда юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказаётган мамлакатимиз ва халқимизни бутун дунёга янада кенг таништиришга хизмат қилмоқда.

“Универсиада-2013” республика спорт мусобақалари universiada.uz сайтида ўзбек, рус, инглиз, немис, француз, итальян, испан, корейс, япон, хитой тилида ёритилди. Уч кун давомида дунёнинг қирқдан ортиқ давлатидан минглаб спорт мухлиcлари Универсиада беллашувларини ушбу расмий сайт орқали кузатиб борди.5.jpg

“Универсиада – 2013” дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар – таниқли спортчилар, шоир ва ёзувчилар, санъат арбоблари билан учрашувлар, қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, шоу-концертлар ташкил этилди. Айниқса, Бухоро маданий маркази, ундаги “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи иштирокчиларда ўчмас таассурот қолдирди.

...Стадион узра майин мусиқа садолари янграйди. “Универсиада – 2013” республика спорт ўйинларининг байроғи туширилади. Уни бухоролик спортчилар олий ўқув-юртлари талабаларининг навбатдаги финал мусобақасига мезбонлик қиладиган Фарғона вилояти вакилларига топширади.6.jpg

– Навбатдаги Универсиаданинг финал босқичи Фарғона вилоятида ўтказилиши биз учун юксак шарафдир, – дейди енгил атлетика бўйича олтин медаль соҳиби Достон Сайдалиев. – Уч босқичли узлуксиз спорт тизимининг юқори бўғини бўлган талабалар мусобақаси бизнинг вилоятимизда ҳам юқори савияда ўтишига ишонамиз.

Мусобақа машъаласи аста-секин сўнади. Бироқ у қатнашчилар қалбига жо бўлиб, уларнинг катта спорт сари йўлини ёритиб, янги ва янада улкан ютуқларга чорлайверади.

“Универсиада – 2013” спорт мусобақаларининг ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.