Янгиликлар
10
Ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида савол ва жавоблар
Caвол:
Ишсиз, деб рўйхатга олинганимга бир ой бўлди, ишсизлик нафақасидан хабар йўқ, менга ишсизлик нафақаси қачондан тайинланиши керак?
Жавоб:
Ишсиз, деб эътироф қилинган шахсларга бериладиган ижтимоий-моддий давлат кафолатларининг энг асосий шакли, бу ишсизлик пайтида тайинланган ва тўланадиган нафақадир. Сизга ишсизлик нафақаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кунингиздан эътиборан тайинланиши лозим.
Cавол:
Соғлишим ёмонлашгани учун “больничный”га чиқдим, лекин 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор, уларни моддий таъминлашим керак. Ишга чиқмаган вақтларим учун менга аввал олган ойлигимдан кам ойлик тўланадими?
Жавоб:
Қонунчиликка мувофиқ, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
Cавол:
Меҳнат дафтарчаси корхона томонидан йўқотилган. Уни тиклаш учун қаерга, қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилиш керак? Уни тиклашга йўқотган томон жавобгар бўладими? Тартиби қандай?
Жавоб:
Меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек, фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган) ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади. Дубликатни олиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди.
Табиий офатлар ёки бошқа сабабларга кўра корхона томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси йўқотилган тақдирда, ходимга меҳнат дафтарчасининг дубликати корхона томонидан бепул берилади.
Cавол:
Биз расмий никоҳдан ўтмаганмиз. Бир нафар фарзандимиз бор. ЗАГС бўлмаса ҳам алимент олишим мумкинми?
Жавоб:
Оила кедексига мувофиқ, агарда фарзанд отаси томонидан тан олиниб, фарзанднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отаси ҳақидаги маълумотларда унинг исми-шарифи акс эттирилган бўлса, ундан алимент талаб қилиш мумкин. Бунда никоҳнинг расман қайд этилган этилмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Агарда фарзанд отаси томонидан тан олинмаган ва унинг туғилганлик гувоҳномасига отасининг исми-шарифи киритилмаган бўлса, бунда алимент ундириш учун қуйидагилар амалга ошириш лозим:
оталикни белгилаш;
фарзандни отаси тан олган ҳолда-биргаликдаги ариза билан ФҲДЁ органлари орқали;
отаси оталигини тан олмаган бўлса-судга мурожаат қилиш орқали. Бунда судга оталикни белгилаш ҳақидаги ариза билан биргаликда алимент ундириш ҳақидаги ариза билан ҳам мурожаат этиш лозим бўлади.
Cавол:
Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўлайдиларми?
Жавоб:
Меҳнат кодексига мувофиқ, ишь берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилмайди, шунингдек, тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.