Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Ҳуқуқий билимларни ошириш мақсадида савол ва жавоблар


  Cавол:
Эшитишимча, ўқитувчилар автомобилни кредитга олса бир қанча қулайликлар бор экан. Педагог ходимлар учун автомобилни кредитга олиш шартларини ва тартибини тушунтириб берсангиз.
Жавоб:
Ўқитувчилар учун автокредит ажратиш тартиби Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўгрисида”ги Қарорида белгиланган.
Унга кўра, Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог-ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилган:
кредитни бериш муддати — 1 йил, имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
дастлабки бадал суммаси — сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит учун фоиз ставкаси — Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
  Cавол:
Ҳозир айрим сабабларга кўра Тошкентда яшаяпман. Доимий пропискам йўқ, вақтинча рўйхатга қўйилганман. Фарзандим 1-синфга чиқиши керак, мактаб маъмурияти томонидан прописка сўрашяпти, шу тўғрими?
Жавоб:
Нотўғри. “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомга мувофиқ болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун ота-онасининг доимий пропискада бўлиши шарт эмас.
Хусусан, низомга мувофиқ болаларни умумтаълим муассасасининг
1- синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
боланинг соғлиги тўғрисида тиббий маълумотнома;
боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.
  Cавол:
Уйимизнинг ҳужжатларини йўқотиб қўйдик, уй ҳужжатларини қайтадан расмийлаштириш учун нима қилишимиз керак?
Жавоб:
Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш қоидаларига кўра (рўйхат рақами: 2725) кадастр йиғмажилди йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда унинг эгасини аризасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиали архивида сақланаётган кадастр йиғмажилдининг мулк эгасига тегишли қисмларидан нусха олинади.
Ушбу нусхалардан иборат кадастр йиғмажилдининг ҳар бирларига туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари томонидан “аслига тўғри”, деган ёзув киритилади ва имзоланади ҳамда ариза келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида эгасига топширилади.
  Cавол:
Бобом менга бор мулкини мерос қилиб васият қолдирди. Васият бўйича
бор мол-мулк менга ўтадими ёки бобомнинг фарзандлари даъво қилиши мумкинми?
Жавоб:
Фуқаролик кодексига асосан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият, деб эътироф қилинади. Васиятнома ёзма шаклда тузилиши лозим.
Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.
Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.
Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқий ҳисобланади.
  Cавол:
Мен яшаб турган уй марҳум отамнинг номида. Уйда онам ва мен оилам билан яшаймиз, биз оилада 4 фарзандмиз. Ака-опаларимнинг уй жойлари бор, фарзандлар ўртасида уй масаласида ҳеч қандай низо йўқ. Уй қонуний кимнинг номига расмийлаштирилади? Шу масалада маълумот берсангиз.
Жавоб:
Сиз Фуқаролик кодексига асосан биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирасиз. Мерос очилгандан сўнг нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради. Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган, деб эълон қилиниши оқибатида очилади.
Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага асосан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда нотариуслар бу мулклар мулкдорга тегишлилигини текширади, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мулкни бошқа шахсга ўтказаётганда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади.