Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Бепарволик ва лоқайдлик ҳар қандай вирусдан хавфли


    Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус касаллигини юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
   Бу борада юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар бир оилада жараёндаги бурч ва масъулият туйғусини кучайтириши муҳим аҳамиятга касб этади. Боиси шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, бугунги эпидемиологик жиҳатдан мураккаб бир шароитда давлатимиз томонидан жорий этилган тартиб-қоидаларнинг тўлиқ бажарилиши хавф-хатар манбаини сезиларли даражада камайтиради.
   Афсуски, айрим замондошларимизнинг бепарволиги, лоқайдлиги оқибатида баъзан мавжуд вазият ва у билан боғлиқ хавф-хатарга нисбатан жиддий муносабатда бўлмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса пандемияга қарши доимий кураш олиб борилаётган бугунги синовли кунларда кечириб бўлмас ҳолатдир.
   Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ жараёнларни мунтазам кузатаяпмиз. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу офатдан халқимизни асраш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар белгиланмоқда.
   Шу йилнинг 26 март куни давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги видеселектор йиғилишида айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир қатор устувор вазифалар белгиланди.
   Фидойи шифокорларимизнинг бугунги фаолияти жанг майдонидаги қаҳрамонликка тенглаштирилди. Бу соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида 5 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлган мукофот пуллари бериш тартиби жорий этилди. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда коронавирус инфекциясига қарши курашиш фаолиятига жалб этилган ҳар бир мутахассиснинг фидойилиги тенгсиз қаҳрамонликдир.
   Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
   Вилоят адлия бошқармаси ҳам муҳим жараёнда бир сафда бу борада вилоятимизда ҳам 4 та сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳудудларга бириктирилди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш орқали ваҳима ва саросимага ҳожат йўқ эканлиги тушунтириляпти. Шаҳар-туманлардаги мавжуд ҳолат секторлар кесимида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар иштирокида ўрганиляпти.
   Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олдиш мақсадида жорий йилнинг 25 март санасидан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида ҳимоя ниқобларисиз ҳаракатланиш қатъиян ман этилди. Хабарингиз бор, шундай ҳолатлар аниқланганда маъмурий тартибда жаримага тортиш ҳақида огоҳлантирилди.
  Афсуски, ниқобли тартибга амал қилмай, ўз билганича ҳаракатланаётган фуқаролар ҳам учраб турибди. Энг ачинарлиси, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланаётган сотувчиларнинг ниқобли тартибга амал қилмаётганликларини кўриб таажжубланасан киши. Ахир улар бевосита харидорлар билан муомала қиладилар. Айрим фуқароларимизнинг мана шундай тартибдан хабари бўла туриб, ўз ҳолича иш кўраётгани, тиббиёт ниқобини тақмасдан ҳаракатланаётгани атрофдагиларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
  Бугунги қалтис вазиятда турли баҳоналар билан ўзларини оқлашга уринган юқоридаги каби ҳамюртларимиз хатти-ҳаракатлари билан атрофдагиларнинг ҳам саломатлигига хавф солаётганликларини ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.
   Жарима тўлаб юрманг…
  Республика махсус комиссияси ахборотида қайд этилганидек, мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади. Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Бордию фуқаролар уйидан ташқарига шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда жаримага тортилади. Яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида 1 115000 минг сўм жарима қўлланилади. Агарда бу қилмиш одамларнинг оммавий касалланишига, одамларнинг ўлимига олиб келса, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.
  Лоқайдлик ва эътиборсизликнинг бадали жуда оғир бўлиши, нафақат ҳамёнга, балки инсон соғлиги ва ҳаётига хавф солиши мумкинлигини ҳеч биримиз унутишга ҳаққимиз йўқ. Буни ҳис этиш, бугунги синовли вазият тақозосини тўғри тушуниш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, саломатлигимиз, ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаёти ана шу позициямизга боғлиқ.
Абдурахмон ТАДЖИБАЕВ,
Фарғона вилоят адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари