Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Меҳнат қонунчилиги нима дейди


16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) карантин эълон қилинди. Ўз навбатида бизга Меҳнат қонунчилиги бўйича жуда кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Қуйида шу саволларга жавоб берамиз.

Ходим карантинга олинса унга қайдай кафолатлар мавжуд?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра,карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 1136, 14.05.2002 й.) 17-бандига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса нафақа берилади.
Яъни агар ходим карантинга олиниши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ходимнинг бу даври учун унинг иш жойидан меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилиши керак.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи (239 минг сўм) дан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

Карантин туфайли айрим ташкилотлар фаолиятида тўхталишлар бўлса ходимларга (масалан, боғча тарбиячилари, педагоглар) қандай кафолатлар бор ?

Меҳнат кодексининг 159-моддасига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Яъни, карантин ҳолатида корхона томонидан ходимларга бекор қолиш даври учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланаверади.

Иш берувчи ходимга бундай ҳолатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкинми?

Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходимнинг аризасига кўра иш берувчи билан келишувга кўра белгиланади. Яъни иш берувчи ходимнинг розилигисиз унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бера олмайди.
Карантин тадбирларига сафарбар этилган ходимларга қандай кафолатлар мавжуд?

Меҳнат кодексининг 167-моддасига кўра, ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда (авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқа ҳолларда) ана шу даврда унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори 5-иловаси - ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек, уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловларни тўлаш тартибига кўра, ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, шунингдек, жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилишлари вақтида уларнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Шунингдек, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш вақтида (қонун билан белгиланган ёки тегишли органнинг чақириқ қоғозида, хабарномасида кўрсатилган вақтда) иш берувчи ходимнинг иш жойи (лавозими)ни сақлаган ҳолда уни ишдан озод қилиши шарт.

Ёш болани парвариш қилаётган ишловчи оналарга қандай кафолатлар бор, чунки боғчалар ишламайдику?

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.) 37-бандига кўра, мактабгача таълим муассасасида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра иш берувчи икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил бериши шарт.
Ўз навбатида ҳурматли фуқароларимиздан ваҳимага берилмасдан санитария ва гигиена қоидаларига қатьий риоя этишни ва белгиланган қонунларга сўзсиз итоат этишни сўраб қоламиз.
Меҳнат кодексининг 176-моддасида ходимнинг бурчлари келтириб ўтилган. Унга кўра ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши шарт.
Бундан ташқари қонунчиликда карантин, санитарияга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддасига кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлар беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бағдод туман адлия бўлими
бошлиғи И.Исаков