Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Низоларни суд иштирокисиз ҳал этиш мумкинми?


Низоларни суд иштирокисиз ҳал этиш мумкинми?
Халқимизнинг азалдан урф-одатлари ва амалга оширадиган жамоавий ҳатти-ҳаракатлари ўзаро кенгаш билан амалга оширилган. Ҳозирги замон маҳалла институтининг туб илдизи минг йилликларга бориб тақалади. Асрлардан шаклланиб келган тажриба бугун ҳам ўз қийматини йўқотгани йўқ.
“Кенгашли тўй тарқамас”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматли сўзлар бежизга айтилмаганлигини ҳаёт кўрсатмоқда.
Шунинг учун, қайси оилада бир муаммо юзага келса ёки бир инсоннинг ҳатти-ҳаракатида тартиб-қоидаларга зид ишлар содир бўлса дарҳол маҳаллада мухокама қилинган ва ечими топилган. Ўша замонинг судяси бўлган қозига етиб борилгунча кўплаб муаммоли масалалар маҳалладан чиқмай ҳал этилган. Маконнинг ҳурматли кишиси, оқсоқоллари мавжуд чигал вазиятларнинг оқилона ечимини топишган. Ўз ўрнида одамлар ҳам ўзларининг ҳурматли кишиси - оқсоқолига итоат этганлар.
Замонлар тараққий этди, маданиятлар ва урф-одатлар ҳам янгича қарашлар билан шаклланди. Жамиятлар демократик тамойиллар ва қонун-қоидалар устида тараққий этиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатга таянган жамият барпо этиш йўлида ўз Конституциясини қабул қилган ва бу йўлда оғишмай давом этмоқда.
Конституциянинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгиланган бўлиб, ҳар қандай ҳақ-ҳуқунинг чеканиши фақат суд ҳукми билангина амалга оширилади.
Бугун замонавий дунёда кўплаб ривожланган демократик мамлакатлар медиаторлар иштирокида низоли ҳаракатларнинг судгача ҳал этиш тартибларини ишлаб чиқмоқдалар. (Бу жараён халқимиз турмушида урф-одатларимиз бўйича ҳурматли маҳалла оқсоқолининг оқилона қарорлари билан низоларни ҳал этишига ўхшайди).
Ўзбекистонда ҳам 2018 йил 3 июльда “Медиация тўғрисида” Қонун қабул қилинган. Қонунга кўра медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахсдир.
Ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши керак.
Юқоридаги ишларни самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш мақсадида жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4754-сон “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори имзоланди.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларини (кейинги ўринларда — Апелляция кенгаши) ташкил этилади ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартиби ўрнатилади.
Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
Шунингдек, қарорда қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.
Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузулиши мумкин.
Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади.
Адлия вазирлиги апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиш билан бирга тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмак бериб боради.
Бундан ташқари низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази;
профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши мумкин.
медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитраж соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш орқали медиаторларни тайёрлаш 72 соатдан кўп бўлмаган ўқув курслари бўйича амалга оширилади ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат берилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражлар ўртасида доимий равишда Марказлар ташкил этилишининг ижобий тарафлари ҳақидаги тарғибот ишларини ва бу борадаги фаолиятни мониторинг қилиб боради ҳамда ҳар чоракда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритади.
“Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисида”ги НИЗОМга кўра апелляция кенгаши тегишли давлат органи ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида тузиладиган коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади.
Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал қилиш чораларини кўради.
Апелляция кенгаши аъзоси кенгаш кун тартибига киритилган масалалар юзасидан мажлисда ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса иштирок этиши мумкин эмас. Бунда судгача ҳал этиладиган низоларнинг адолатли қарор топиши ва холислик таъминланади.
Апелляция кенгашининг мажлисида мухокама қилинган масала асосида қабул қилинган қарор хулоса шаклида расмийлаштирилади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланиши керак.
Бугун инсонларнинг оғирини енгил қилиш, юзага келган низоларнининг адолатли ечимини топиш ва судгача ҳал этиш нақадар муҳим ва замон талаби ҳамдир.
Президентимизнинг ПҚ-4754-сон “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори айни кутилган муҳим хужжат бўлиб, инсонларнинг турмуш тарзида юзага келган муаммолар ва низоларни ҳал этишда катта аҳамият касб этиши муқаррар.

Олтиариқ туман адлия бўлими
катта маслаҳачиси
Б.Муҳамадалиев