Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Талабанинг ўқиш даврида бошқа жойда ишлаши ўриндошлик ҳисобланадими


Талабанинг ўқиш даврида бошқа жойда ишлаши ўриндошлик ҳисобланадими?
Ҳозирги кунда кўплаб мунозараларга сабаб бўлаётган бу каби саволларни қонунчилигимизга мувофиқ жавоб беришга ҳаракат қилган ҳолда қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган талабанинг бошқа ташкилотлардаги ишини ўриндошлик иш сифатида қараш ҳолатлари ва аксинча асосий иш деб қараш ҳолатлари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ўриндошлик асосида ишлаш тушунчасига аниқ таъриф берилмаган, бироқ Кодексда ўриндошлик ишининг ҳусусиятларини кўрсатиб турувчи зарур нормалар бор.
Жумладан, Меҳнат кодекснинг 72-моддасига асосан ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузиши мумкин.
Меҳнат кодекснинг 80-моддасга кўра, ўриндошлик асосида ишга киришда шахслар асосий иш жойидан маълумотнома тадим этишлари кераклиги белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандида асосий иш тушунчасига ва ўриндошлик асосида ишлаш тушунчасига таъриф берилган, яъни:
Асосий иш жойи — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилотдир.
Ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши.
Ўриндошлик иши деганда, ходимнинг унинг бошқа ташкилотда асосий иш жойидан ташқари ходим бўш бўлган вақтда яна бошқа бир ташкилотда меҳнат шартномаси асосида ишлаши тушинилади.
Асосий иш жойида ходим билан алоҳида меҳнат шартномаси тузилади, у муайян вазифага ишга қабул қилинади ва унинг учун алоҳида меҳнат дафтарчаси юритилади. Яъни, ходимнинг меҳнат дафтарчаси сақланадиган жой унинг асосий иш жойи ҳисобланади.
Агар талаба ўқиётган олийгоҳ унинг учун асосий иш жойи ҳисобланганда ва ушбу олийгоҳда талаба учун меҳнат дафтарчаси очилган
ва юритилган тақдирда, биз бу талабанинг бошқа ташкилотдаги меҳнат фаолиятини ўриндош иши деб ҳисоблашимиз мумкин бўларди.
Энг эътиборли томони шундаки, олий-ўқув юртлар талабалар учун иш жойи ҳисобланмайди, шунингдек, талаба учун меҳнат дафтарчаси очилмайди ва юритилмайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги 938-XII-сон “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси “е” бандига асосан, олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш даврлари ҳам иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти қаторига киритилган.
Кўп ҳолларда олий таълим муассасасидаги ўқиш даврини пенсия олишда иш стажига киритилади ва ана шу қоида асосида, олийгоҳларни талаба учун иш жойи, тўғрироғи асосий иш жойи деган қарашлар мувжуд. Талабаларнинг ўқишдан бўш вақтдаги иши ўриндошлик бўлади, деган фикр шундан келиб чиқмоқда.
Юқоридаги қонуннинг 37-моддасида кўрсатиб ўтилган даврлар фуқароларга фақатгина пенсия ҳисоблаш учун иш стажи сифатида тадбиқ қилинади. Буда талабанинг расман иш жойи ҳисобланмайди.
Талаба учун олий таълим муассасаси иш жойи бўлмаган ва ишга қабул қилишга оид жараён амалга оширилмаган жой ҳеч қачон ходимнинг иш жойи деб эътироф этилмайди. Бунда талабага меҳнат дафтарчаси очилмайди.
Яъни, олий таълим муассасаси талаба учун асосий иш жойи бўла олмайди ва талабанинг ўқишдан бўш вақтда бошқа ташкилотлардаги меҳнат фаолияти унинг учун ўриндошлик иши эмас, балки асосий иш ҳисобланади.
Шу ўринда талаба билан тузилган меҳнат шартномасида иш вақтини белгилашда унинг олий ўқув юртидаги ўқув машғулотлари билан бир вақтга тўғри келмаслига эътибор қаратиш лозим.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси Эшонов Саидолимхон