Мазкур Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “ягона ойна” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилиши назарда тутилди.
Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2015 йил 28 сентябрда Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан “Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб, “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов ва тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш белгиланди.
Шунингдек, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда, қонунчиликда белгиланган тартибни қийинлаштиришнинг ҳар хил усулларидан, жумладан рўйхатдан ўтиш ва лицензия олиш тартиб-таомилларини, шунингдек хусусий тадбиркорлик фаолиятига қаршилик қиладиган бошқа бюрократик тўсиқлардан фойдаланишга қатъиян йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Ўтган давр мобайнида Фарғона вилоятида туман(шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш “ягона дарча” марказлари ташкил этилди.
Марказлар муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиши учун қулай биноларга жойлаштирилди.
Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги “Бир дарча” марказларига жами 166 та штат бирлиги ажратилган бўлиб, шундан 166 штат бирликларига, яъни 19 та марказ раҳбари ва 147 та марказ мутахассиси лавозимларига номзодлар тавсия этилди.
Марказларни замонавий талаблар асосида қўрилиш таъмирлаш ишлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан жами 600 млн. сўм маблағ молиялаштирилди. Жумладан, намунали этиб белгиланган Тошлоқ туманига 60 млн. сўм, Фурқат туманига 80 млн. сўм маблағлар марказ биносини таъмирлашга ажратилди.
Шунингдек, “ягона дарча” марказларининг самарали ишлаши учун уларга марказлашган ҳолда 130 та комплект замонавий компьютерлар, 26 дона принтер, 19 та сканер, 149 дона UPS қурилмаси, интернетга уланиш учун 19 та сервер, 19 та коммутатор(switch), шаҳар туман ҳокимликлари томонидан 23 дона телефон аппаратлари, 1 та факс аппарати, 340 та мебель жиҳозлари, 19 дона монитор, видео кузатув (хар бирида 6 тадан нуқта) ва бошқа харажатлар учун 889,6 млн. сўм маблағлар ажратилди.
Марказлар томонидан 2016 йилнинг ўтган 4 ой мобайнида вилоятдаги тадбиркорлик субъектларидан жами 1844 та мурожаатлар қабул қилиниб, уларга давлат хизматлари кўрсатилиши таъминланди.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан “ягона дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам амалий чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.
Шунингдек, “ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг қонунийлигини таъминлаш устидан ҳам алоҳида назорат ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларининг “ягона дарча” марказлари орқали келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқишда амалдаги давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиби ва муддатларига риоя қилмаганлик ҳолатлари юзасидан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 5 та тақдимнома, 63 та огоҳномалар киритилди, айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 6 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб кўриб чиқиш учун ваколатли идораларга юборилиши таъминланди.
Киритилган таъсир чоралари натижасида 6 нафар шахс интизомий жавобгарликка ва 5 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қайд этиш лозимки, сўз юритилаётган ушбу тизим қисқа фурсатда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, энг муҳими уларнинг вақт ва ортиқча сарф-ҳаражатларини олдини олишда нақадар аҳамиятли эканлигини, шу билан бирга келгусида марказлар фаолиятида давлат хизматлари турларини кенгайтириб бориш зарурлигини кўрсатмоқда.
М.Парпиев, Фарғона вилоят адлия бошқармаси масъул ходими