Маълумки, истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшларнинг комил инсон бўлиб вояга етишлари, тулақонли ва мукаммал билим олишлари учун бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, истиқлолнинг сўнгги беш-олти йилида мамлакатимизда йилларни “Баркамол авлод йили”, “Мустҳкам оила йили”, “Соғлом бола йили” дея ва жорий йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳам ана шу эзгу ишларни юқори босқичга кўтарди.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бугун республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий қиёфа касб этган мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қад ростлаган. Айни муассасаларни тамомлаган ёшлар пойтахтимиз Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги ўзлари истаган олий таълим даргоҳларида тахсилларини давом эттиришлари, шунингдек, фан олимпиадалари, турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари орқали ҳам ўз иқтидорларини намоён этишлари мумкин. Бунинг учун шинам, ёруғ ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган ўқув анжомлари билан жиҳозланган синф хоналари, минглаб китоб фондига эга бўлган кутубхона ҳамда спорт заллари уларнинг иҳтиёрида.
Давлатимиз раҳбари 8-март байрами муносабати билан Узбекистан хотин- қизларига йўллаган байрам табрикларида “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури доирасида жами 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сум ва 194 миллион 400 минг доллар ҳажмидаги ишлар амалга ошириш белгиланганини алохида таъкидладилар.
Баркамол авлодни тарбиялаш нафақат унинг таълим-тарбияси ёки спорт билан шуғулланишига эътибор қаратиш, балки ҳали фарзанд туғилмасидан аввал онанинг, у дунёга келгач, ҳам она, ҳам боланинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, уларга ғамҳурлик қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Чунки фарзанд тарбиясини у туғилмасидан илгари бошлаш лозимлигини доноларимиз кўп бора таъкидлаганлар. Боиси комил фарзанд келажакда аввало оиланинг, шу билан бирга Ватаннинг чинакам таянчига айланади. Бу мақсадга эришиш учун биринчи галда оила ва унинг пойдевори мустаҳкамлигини таъминлаш зарур. Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши соғлом онадан соғлом бола туғилиб, оиланинг мустаҳкамланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Яъни тиббий кўрик саломатликни асрашнинг айнан ўзимизга, оиламизга боғлиқ жиҳатларини билиш, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, ҳар томонлама етук авлодни вояга етказиш, болалар спорта, оилавий, оммавий спортни ривожлантириш, оилада соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш вазифалари миллатни жипслаштирувчи, наслни покловчи, кучли давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш кафолатидир. Шу боис булажак эр-хотинни тиббий кўрикдан ўтказмай туриб, соғлом фарзанд туғилиши ҳусусида фикр юритиш мумкин эмас. Тиббий кўрик жараёнида никоҳланувчилар бешта асосий хасталик - сил, тери-таносил, гиёҳвандлик, ОИВ(ОИТС) ва руҳий касалликлар бўйича текширилади. Бу касалликлар эса бевосита наслга таъсир этади. Буни ҳар бир ота-она ва никоҳланувчилар тўғри тушинишлари, теран ҳис қилишлари лозим. Аммо тиббий кўрик фақат никоҳланувчиларнинг шахсий иши эмас. Унинг замирида буюк келажак соҳиби бўлмиш янги авлод тақдири ётади. Демак, давлат ва миллат тақдири оилада куртак ёзади.
Эътироф этиш керак, истиқлолнинг ўтган йиллари мобайнида “Оила кодекси”, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори, Президентимизнинг 2014 йил 1 августда имзоланган “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва усмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш орқали жамият тараққиётига эришишга қаратилган.
Агар таҳлилларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган 2 ойи мобайнида туманимизда 90 та никоҳ қайд этилди. 178 нафар никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Оилаларга қувонч ва шодлик ҳадя этган 342 нафар чақалокнинг туғилиши қайд қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган сўзлари ҳаётий ифодасини топмоқда. Бу эса келгусида ўз самарасини бериши шубҳасиз. Зеро, эртанги фаровон келажагимиз бугунги баркамол ёшлар қўлидадир.
Г.Ибрагимова, Фарғона туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси