Она ва бола саломатлиги оила мустаҳкамлигининг муҳим омилидир

Маълумки, мустақиллигимизнинг ўтган чорак асри мобайнида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласига давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда. Бу устуворлик “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижросида ҳам ўз ифдоасини топди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизнинг бошқа ҳудудлари қатори мамлакатимиз номи билан аталувчи Ўзбекистон туманида ҳам давлат дастури ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Албатта, бу хайрли ишларда туман ФҲДЁ бўлими ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ҳамда муассасалар билан ҳамкорликда фаол иштирок этмоқда. Бунда асосий эътибор оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар учун ижтимоий, маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, оналарга, опа-сингилларимизга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкамлаш, ёш оилаларни хар томонлама қўллаб қувватлаш, оилаларнинг соғлом ва аҳил бўлишига қаратилаётир. Масалан, туман ФҲДЁ бўлими ташаббусига мувофиқ туман марказий поликлиникаси билан ҳамкорликда барча аҳоли пунктлари, жумладан, Охта тагоб, Нурсуҳ, Қақир қишлоқлари ва Гўштқишлоқ, Кичик тагоб, Бегобод маҳалла фуқаролар йиғинларида 5000 нафардан зиёд фуқаролар ҳамда ёш оилалар иштирокида учрашувлар ташкил этилди. Қолаверса, никоҳланувчи шахсларни тўлақонли ва сифатли тиббий кўрикдан ўтказиш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш юзасидан доимий мониторинг олиб борилиб, масаланинг салбий жиҳатлари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилмоқда. Туман дастурига биноан бу йўналишдаги ишлар учун 72 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Шунингдек, туман марказидаги "Умид" тантаналар саройида 15 май – “Халқаро оила куни” муносабати билан “Оиланинг олтин қўрғони” мавзусида "Ибратли қайнона" баҳс-мунозараси, “Маънавият оиладан бошланади” мавзусидаги семинар ҳамда тумандаги 66 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида “Меҳрибон қайнона” танлови, ҳудудимиздаги 7 та касб-ҳунар ўқувчи қизлари ўртасида эса уларнинг оналари, опа-сингиллари ва келинлари билан биргаликда “Гулшан аро гулчеҳралар” кўрик-танловлари ўтказилди. Мазкур тадбирларга 200 дан зиёд намунали оилалар таклиф этилди.

Қайд этиш керакки, туман тиббиёт бирлашмасида хомиладор аёллар ўртасида биохимик скрининг (альфафетопротеин/хорионик гонадотропин, эстриол) текширувларини ўтказиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар ўртасида перинатал ва 5 мингдан зиёд чақалоқлар ўртасида эса неонатал скрининг, туғма гипотериоз ва фенелкетонурия касаллиги билан назоратга олинган болаларга тиббий ёрдам беришни ташкиллаш, бепул дори-дармон ва гидролизаторлар билан таъминлаш бўйича доимий комиссия ташкил этилган бўлиб, туман ФҲДЁ бўлими мудири ҳам мазкур комиссиянинг аъзоси ҳисобланади.

Шу ўринда ФҲДЁ бўлимида ҳар ойда икки маротаба ўтказилаётган “Оила дорилфунуни” ўқув машғулотларида никоҳланувчилар ва ота-оналарга Бош қомусимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб, 65-моддасида эса “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” дея белгиланган конституциявий қоиданинг, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августда қабул қилинган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори, Президентимизнинг 2008 йил 18 июндаги “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги Қарорларининг мазмун-моҳияти орқали қонуний никоҳнинг аҳамияти, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибатлари хусусида тушунчалар ҳамда оиланинг нақадар муқаддас гўша эканлиги, уни асраб авайлаш юзасидан турли маслахатлар ҳам бериб борилаётганини таъкидлаш ўринли. Бундан ташқари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлими қошида аёлларга психологик, маънавий, ҳуқуқий, тиббий ёрдам ва маслаҳатлар бериш мақсадида “Аёллар маслаҳат маркази” ташкил этилган.

Агар таҳлилларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида туман дастури доирасида ОИТС/ОИВ тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2,9 минг АҚШ доллари миқдоридаги вирусга қарши препаратлар тарқатилди. Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик, туғма аномалиялар профилактикаси, болалар ўртасида касалликлар ва маиший жароҳатланиш профилактикаси бўйича аҳоли учун ахборот-таълим материаллари ишлаб чиқилди.

“Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида аёлларни, айниқса қизларни мунтазам спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш вазифаси ҳам белгиланган. Шу боис туманимиз бўйича 19 ёшгача бўлган 533 нафар спортчи қизлар рўйҳати шакллантирилди. Қолаверса, “Аёллар спорт фестивали” ва "Ораста қизлар" кўрик-танловнинг туман босқичида ҳам опа-сингилларимиз ўзларининг нималарга қодир эканликларини намоён этишди.

Албатта, амалга оширилган ишлар ва ўтказилган тадбирларнинг барчаси оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозим”.

Б.Мўминова, Ўзбекистон тумани ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш