Соғлом авлодни гиёҳвандликдан асраш зиммамиздаги долзарб вазифалардан биридир

Эрталаб уйдан хушчақчақ кайфиятда чиқиб кетган Нозима (исм-шарифлари ўзгартирилган) тушдан сўнг йиғлаб кириб келди. Қизининг бу аҳволини кўрган Жамила опа эса қўрқиб кетди ва шошиб қолди.

-Ҳа, она қизим, тинчликми? Нега йиғлаяпсан?,-сўради онаизор.

Бояқиш Нозима бир муддат ўзини тутиб туролмади. Кейин никоҳ олди тиббий кўрик жараёнида шифокорлар бўлажак куёвда гиёҳвандликка хос аломатлар кўзга ташланганини таъкидлашганини йиғлаб айтиб берди. Буни эшитиб, аёлнинг бошидан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Сўнг ўзини қўлга олиб, қизини юпатди.

-Майли, болам, йиғлама. Яхшиямки бу тўйдан олдин маълум бўлди. Ундан кейин билганингда нима қилардинг-а?

-Ойи, дугоналарим ва таниш-билишларнинг олдида шарманда бўлганимчи?

Шу топда Жамила опа қизининг олдида ўзини айбдор сезди. Чунки совчиликка келган йигитнинг холаси Мунаввархон ва аммаси Умидахон жиянларини оғзиларидан бол томиб мақташганда соддадил аёл уларнинг гапига ишониб, розилик берганди.

Мана шу тариқа тўй тўхтатилди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатлар кундалик ҳаётимизда онда-сонда бўлса ҳам учраб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда ва халқаро миқёсда айни жирканч иллатга қарши мислсиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, дунё бўйича тахминан 80 миллион одам гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган. Шифокорларнинг таъкидлашича, гиёҳвандлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан жуда тез қарийди. Айниқса, гиёҳванд модда сифатида баъзи кимёвий воситаларни истеъмол қилиш натижасида тез бузилиши содир бўлиб, маълум вақт давомида (ўлимга қадар) гиёҳванд, таксикоман деярли ҳайвонларча ҳаёт кечиради.

Жиноят кодексининг 270-275 – моддаларини ўз ичига олган XIX-боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” дея номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин. Энг ачинарлиси, гиёҳвандликка дучор бўлганлар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётганлар орасида аёлларнинг ҳам борлигидир. Улар аёл деган муқаддас номга доғ тушираётган опа-сингилларимиздир. Бу тоифадагилар билан асло муроса қилиб бўлмайди.

Шу ўринда гиёҳвандликнинг энг аянчли оқибатлари фарзандлар тақдири билан боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввало гиёҳванд шахснинг фарзанди ногирон ёки бошқа бир жисмоний, ақлий нуқсон билан туғилади. Қолаверса, унинг организми гиёҳвандликка мойил бўлади. Шундай экан, бундай фарзанднинг келажакда гиёҳвандликка чалинмаслигига ёхуд мазкур офатдан ҳоли улғайишига ким кафолат бера олади? Энг эътиборлиси, ён-атрофдагилар гиёҳванд шахснинг фарзандини келин ёки куёв қилишдан ҳам ўзларини олиб қочишади. Инсон учун бундан ортиқ иснод бўлмаса керак.

Албатта, бугунги дориломон кунларда дунёга келаётган ва вояга етаётган соғлом авлодни гиёҳвандлик балосидан асраш биз катталарнинг энг асосий вазифамиздир. Бинобарин, юқоридаги каби нохуш ҳолатлар қайта такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари хусусида кенг кўламдаги тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Зеро, умр яратганнинг бандаларига берган тенгсиз инъомидир. Унинг қадрига етиш, мазмунли умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Гиёҳвандлик эса инсон умрини емириш, саломатлигига, оиласидаги тўкин-сочинликка путур етказиш билан бирга элу юрт олдида бошини хам қилиб қўйиши шубҳасиз. Шундай экан, гиёҳвандлик туфайли ҳеч кимнинг гулдек умри хазон бўлмасин. Оилаларимиздаги тўкин-сочинлик барҳам топмасин.

Ў.Солиев Фарғона вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш