Оилалардаги барқарорлик – жамият таянчи

Бош қомусимизнинг 63-моддасидаги “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда давлат ва жамият муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деган сўзларни келтириш ўринли. Албатта, оилалар мустаҳкам бўлса, унда ҳамжиҳатлик, тинч-тотувлик хукмрон бўлсагина жамият тараққий этади. Оила мустаҳкамлиги эса ўз навбатида никоҳнинг қонунийлиги, ота-онанинг масъулияти, қолаверса фарзандларнинг ҳар жиҳатдан солом ва баркамол инсонлар этиб тарбияланишига боғлиқ. Бунинг учун хукуматимиз томонидан барча ҳуқуқий асослар яратилган. 2005 йил 23 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори, Президентимизнинг 2008 йил 18 июндаги “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги Қарорларининг қабул қилиниши ана шу эзгу мақсадга қаратилган.

Эътироф этиш керак, бу саъйи-ҳаракатлар ва юртимизда хукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг самараси ўлароқ минглаб янги оилалар барпо этилмоқда, оилаларга қувончу шодлик улашиб, ширин-шакар фарзандлар дунёга келмоқда ва табиийки, улар туфайли тўйлар тўйларга уланяпти. Юртдошларимиз ўз хурсандчиликларини қавму-қариндошлари, ёру дўстлари, маҳалладошлари билан баҳам кўришяпти.

Агар рақамларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳримизда 1179 та никоҳ қайд қилиниб, янги оилалар барпо этилди. Ундан аввал 2980 нафар никоҳланувчиларга тиббий кўрикдан ўтишлари учун йўлланмалар берилди. Энг муҳими, оилаларга чексиз қувончу шодлик хадя этиб, 3939 нафар фарзандлар дунёга келишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳамон изчиллик билан давом эттирилмоқда. 2013 йилнинг 30 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ҳам шулар жумласидандир. Унга кўра никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, яъни қизларни эрта турмушга бериш, йигитларни барвақт уйлантирганлик ва бу тоифадаги никоҳ ҳутбасини ўқиганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Чунки баъзи ота-оналар фарзандининг бахтидан кўра ўзларининг орзу ҳавасларини устун қўйиб, қизларини эрта турмушга берадилар, ўғилларини барвақт уйлантирадилар. Албатта, бу бир қанча салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 473 – модда, Жиноят кодексига эса 1251 – модда киритилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 473 – моддасига асосан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш – энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш - энг кам ойлик иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш - энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган 1251 – моддага асосан эса никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Бизнинг зиммамизда эса қонунчиликдаги бундай янгилик ҳамда ўзгаришларни, қонуний никоҳнинг афзаллигини ҳамюртларимизга тушинтириш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш ҳамда шу орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масъулияти бор. Бинобарин биз шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, шаҳар прокуратураси, ички ишлар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда кенг кўламдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиб боряпмиз. Қолаверса ФҲДЁ бўлимида ҳар ойда икки маротаба ўтказиладиган “Оила дорилфунуни” ўқув машғулотларида ҳам бу борада батафсил тушунтириш бериб борилмоқда. Жорий йилда бундай ўқув машғулотлари 1594 нафар никоҳланувчилар ва ота-оналар иштирокида 18 маротаба ўтказилди. Натижада муқаддам шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб яшаётган 500 тадан ортиқ оилаларнинг никоҳи қонунийлаштирилди. Ёлғиз она аризаси асосида туғилишни қайд этишдек салбий ҳолатлар 38 тага камайди.

Н.Султонова, Қўқон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси  


Рўйҳатга қайтиш