Оитсга қарши курашиш - бунга барчамиз масъулмиз

Маълумки, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) касаллиги нафақат инсон ҳаётини издан чиқарувчи, балки жамият тараққиётига ҳам раҳна солувчи хавфли дардлардан биридир. Чунки кимдир бу касалликка чалинса, у орқали ён-атрофдагиларга юқмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бинобарин, унга қарши курашиш ҳар биримиздан жиддий масъулият талаб қилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида таъкидланганидек, ОИТС одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда республикамизнинг бошқа ҳудудлари қатори бизнинг Бешариқ туманида ҳам ОИВ/ОИТСга қарши курашиш, касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Фикрларимизнинг исботи тариқасида эса туман тиббиёт бирлашмасидан олинган айрим маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Агар рақамларга назар ташласак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 11.119 нафар шахслар ОИТСнинг олдини олиш юзасидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан 16 нафари ҳарбий хизматчилар, 27 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар, 3028 нафари никоҳланувчилардир. Яна 54 нафар кишига нисбатан аноним ҳолда текшириш ўтказилди. Қолаверса, 5 нафар шахсда мусбат натижа аниқланиб, инфекция борлиги ИБ тасдиқланди.

Бундан ташқари, хорижий мамлакатлардан қайтган юртдошларимизни ОИВ инфекциясига қарши текшириш ҳам йўлга қўйилган. Айниқса, баркамол авлод туғилишини таъминлаш мақсадида никоҳланувчилар билан бирга ҳомиладорлар аёлларнинг ҳам текширилаётгани алоҳида тилга олиш ўринли. Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан туманимиздаги ОИВни аниқлаш бўйича туманлараро лабараторияси хорижда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги тиббий анжомлар билан, Фарғона вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан эса таҳллиларни ўтказиш учун тест тизимлари билан таъминланаётгани муваффақиятлар омили бўлиб хизмат қилмоқда. Негаки юқоридаги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ОИТСга қарши курашиш маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ОИТСга қарши курашиш марказлари ОИВ инфекцияси ва у билан боғлиқ касалликлар тарқалишига қарши курашиш профилактикаси, ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш ва уни даволаш бўйича аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни, шунингдек тиббиёт муассасаларини услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда улар фаолиятига ОИВ инфекцияси профилактикаси, ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш ва уни даволашнинг замонавий усулларини жорий этади ҳамда даволаш тадбирларини амалга оширади. Шу билан бирга, мазкур марказлар ОИВ юқишининг жадаллигига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва уларнинг фаоллигини баҳолаш бўйича махсус эпидемиологик тадқиқотлар ўтказади, ОИВ инфекцияси профилактикаси, ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш ва уни даволашнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз бўлган усулларини ўрганади ҳамда амалиётга жорий этади, касалликни юқтирган шахсларга ўз соғлиғи ва меҳнат қобилиятини сақлаб қолиши учун зарур бўлган ташхис қўйиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатади ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади, касалликка ташхис қўйиш ва даволашни амалга оширувчи муассасаларга услубий ёрдам кўрсатади, бунинг учун ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилишини таъминлайди, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ходимларини ва бошқа ходимларни тайёрлашда, қайта тайёрлашда ҳамда уларнинг малакасини оширишда иштирок этади.

Албатта, ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш нафақат тиббиётчилар, балки биз ҳуқуқшунослар зиммасидаги энг долзарб вазифалардан биридир. Шу боис биз туман хотин-қизлар кенгаши, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тиббиёт бирлашмаси, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда кенг кўламдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиб боряпмиз. Қолаверса ФХДЁ бўлимида ҳар ойда икки маротаба ўтказиладиган “Оила дорилфунуни”, касб-ҳунар коллежларида ташкил этиладиган “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув машғулотларида ҳам бу борада батафсил тушунтириш бериб борилмоқда. Натижада 2016 йилнинг 10 ойи давомида 2015 йилнинг шу даврига нисбатан ўз хоҳиши билан текширувдан ўтганлар сони ортгани аён бўлди. Зеро, жамиятда тараққиётга аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий ҳамда тиббий маданиятини юксалтириш орқали эришилади.

Х.Мамажонова, Бешариқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш