12

Қонунбузарликка йўл қўймаслик ҳуқуқий саводхонликни талаб қилади


АНДИЖОН ВИЛОЯТ адлия бошқармаси томонидан шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасида шартномаларни тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, хўжалик юри­тувчи субъектлар, яъни фермер хўжаликларига етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш, хизмат кўрсатиш бўйича жами 25674 та шартнома тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Тузилган мазкур шартномаларнинг барчаси адлия бошқармасидан ҳуқуқий экс­пертизадан ўтказилиб 2982 та шартноманинг тузилишида, 647 та шартноманинг эса бажарилишида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида хўжалик юритувчи субъектларда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг қонунийлиги, яъни улар томонидан тузилган 10 минг 536 та шартноманинг қонунга нечоғлик мослиги ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 5011 та шартноманинг тузилиши бўйича, 1230 та шартноманинг бажарилиши бўйича хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар бўйича судларга 619 та 6 миллиард 271 миллион 270 минг сўмлик даъво ариза, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 84 та тақдимнома, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан 582 та огоҳнома киритилди. Ва ҳисобот даврига қадар киритилган даъво аризаларнинг 70 фоизи судлар томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилишига эришилди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишига сабабчи бўлган масъул мансабдор шахсларнинг 80 нафарига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиб, шундан 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан четлаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг II чораги давомида 16 нафар масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, шундан 15 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу ўринда “Андижонпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ва унинг тизимидаги пахта тозалаш акциядорлик жамиятларида фермер хўжаликлари билан тузилган контрактация шарт­номалари ижроси, шартнома интизомига амал қилиниши бўйича ўтказилган ўрганишлар ҳақида ҳам тўхталиш жоиз.

Ўрганиш жараёнида 1842 та шартноманинг қонунийлиги кўриб чиқилиб, шартномаларнинг тузилиши бўйича 295 та, унинг бажарилиши бўйича эса 514 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларнинг олдини олиш юзасидан тақдимномалар киритилди. Натижада бирлашманинг 4 нафар ходими эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 8 нафар масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чораси кўлланилди. Фермер хўжаликларининг қарздорликлари ундириб берилишига эришилди.

Бундан ташқари, “Андижонпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси тизимига кирувчи пахта тозалаш жамиятларининг 5 нафар масъул мансабдор шахсига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2452-моддасида берилган ваколатлар қўлланилиб, уларга нисбатан МЖтКнинг 1761-моддасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, хў­жа­лик судига таклифлар киритилди ва натижаси бў­йича ҳуқуқбузарларга маъмурий жавобгарлик қўлланилди.

Шунингдек, вилоятдаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази ва унинг тизимига кирувчи туман отрядларида ўтказилган ўрганишларда ҳам қатор камчиликлар аниқланди. Натижада 7 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишли тартибда кўриб чиқишлик учун тааллуқли органларга юборилди.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида маъмурий жарима, 11 нафар ходимга нисбатан энг кам иш ҳа­қининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Хулоса қилиб айтганда, тарафлар ўртасида тузилган ҳар қандай шартноманинг шартларини бузиш ёки белгиланган мажбуриятларни бажармаслик, ёинки лозим даражада бажармаслик етказилган зарарни қоплаш, кечиктирилган кунлар учун белгиланган тартибда пеня тўлаш ҳамда амалдаги қонун талаблари асосида бошқа жавобгарлик санкцияларини қўллаш ҳолатларига олиб келади.

Абдураҳмон  ТОЖИБОЕВ,  Андижон вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи