28

Хорижий инвесторлар манфаати қонун ҳимоясида


ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 9 ойида Андижон вилоят адлия бошқармаси хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 35 та тақдимнома, қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича 17 та ёзма кўрсатма, қонун ҳужжатларини бузмаслик тўғрисида 21 та огоҳнома киритилиб, 7 нафар масъул мансабдор шахс маъмурий, 28 нафар мансабдор шахс эса интизомий жавобгарликка тортилди. 3 та ноқонуний қарор бекор қилиниб, ноқонуний ундирилган 811.260 сўм пул маблағи тегишли корхона ва ташкилотларга қайтарилди.

Жумладан, Жалақудуқ туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қи­лиш маркази томонидан “Alyor­teks” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси ходимларига нисбатан маъмурий ҳужжат расмийлаштирилиб, 2 нафар ходимга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида маъмурий жарима солинган. Бошқарма томонидан ўтказилган мониторингда қўшма корхона ходимларига нисбатан маъмурий иш юритишда камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, жорий йилнинг 22 сентябрида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вилоят бош бошқармасига тақдимнома киритилди. Тақдимнома бош бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, ноқонуний қабул қилинган қарор бекор қилинди ва 576.130 сўм жарима ходимларга қайтарилди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан хорижий инвести­ция­лар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатини кўзлаб жами 58 та — 1 миллиард 87 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. Мазкур даъво аризаларидан 35 таси мазмунан кўриб чиқилиб, корхоналар фой­дасига 415.703.731 сўм асосий қарз ва ўз вақтида ҳисоб-китобни амалга оширмаганлиги учун пенялар ундириб берилди.

Жумладан, “Uz-tong Heung Company” қўшма корхонаси раҳбарияти 2014 йил 11 август­да адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, “Андижон иккиламчи қора металл” шўъба корхонаси билан 2014 йил 18 январда металл чиқиндиларини етказиб бериш юзасидан шартнома тузганлиги, шартномага кўра, қўшма корхона етказиб берган маҳсулот учун шўъба корхона тўловни амалга ошириши лозим бўлсада, лекин 50.184.229 сўм тўлов амалга оширилмаганлиги баён қилинган.

Ўрганишда аниқланган ҳо­латлар бўйича 2014 йил 15 августда Андижон вилоят хўжалик судига қўшма корхона манфаатини кўзлаб “Андижон иккиламчи қора металл” шўъба корхонасидан асосий қарз ва 16.966.894 сўм пеня ундириш юзасидан даъво ариза киритилди. Суднинг 2014 йил 18 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан қўшма корхонага қарз билан бирга 5.000.000 сўм пеня ундириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятда фаолият кўрсатаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятида вужудга келаётган муаммолар ва амалиётдаги таклифлар юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан сўров ва мониторинглар олиб борилмоқда. Натижада қонунбузилишлар аниқланиб, уларга таъсир чоралари қўлланилган ҳолда корхона манфаатлари самарали ҳимоя қилиб келинмоқда.

Исроилжон УСМОНОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими