Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг пировард мақсади ҳам фуқароларга муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишлари учун мавжуд қонунларни янада такомиллаштиришдир. Яна шуниси аҳамиятлики, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат ҳокимиятининг учта тармоғи припципиал тарзда бир-биридан алоҳида ажратилганлиги ва судларнинг мустақил ҳокимият сифатида эътироф этилиши том маънодаги суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга хизмат қилди. "Судлар тўғрисида"ги Қонун эса янги таҳрирда қабул қилинди.
Юртбошимиз ташаббуси билан соҳани босқичма-босқич, изчиллик асосида ривожлантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар дастури амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз томонидан 2010 йилнинг 12 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг қўшма мажлисида илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да қайд этилганидек, мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишлардан бири бу – қонун устуворлиги ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур концепцияда бугунги кундаги сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқ муносабатларининг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш мақсадида бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида қонун устуворлигини, қонунийликни, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий қонунчиликни эркинлаштиришга, судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини мустаҳкамлашга, "Хабеас корпус" институтини татбиқ этиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди.
Хусусан, бу соҳада қабул қилинган янги таҳрирдаги "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонун қонунийликни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асослилигини, уларнинг қонунларга, ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мувофиқлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги, янада самарали механизмларини яратди.
Жумладан, қонун вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколатлари доирасида буйруқлар ва қарорлар кўринишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишлари мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди, низомлар, қоидалар, йўриқномалар ва регламентлар ўртасидаги мезонлар ажратилиши батафсил тартибга солинди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мазмунига қўйиладиган талабларга тафсилотлар билан аниқлик киритилди.
Концепцияга мувофиқ “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим амалий қадам бўлди.
Мазкур қонунга кўра, аввало, судга қадар иш юритиш босқичида прокурор, терговчи томонидан қўлланадиган айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судъянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби белгилаб қўйилди. Унга кўра бундай чорани қўллаш учун асослар мавжуд бўлганда, прокурор, терговчи мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва уни судга юборади. Мазкур илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан якка тартибда, ёпиқ суд мажлисида материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соат ичида кўриб чиқилади. Бу, албатта, жиноят иши бўйича суд терговининг тезкор ва сифатли ўтказилишига, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари, мазкур қонунга кўра айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини суд томонидан узайтириш тартиби ҳам жорий этилди. Шахс тиббий муассасага кўпи билан бир ой муддатга жойлаштирилади.
Мазкур қоидаларнинг қўлланиши суднинг ишни кўришни адолатли тарзда олиб бориш ва одил судловни тезкор амалга оширишдан иборат асосий вазифаси бажарилишини таъминлашга қаратилгандир. Бу эса, шубҳасиз, суд ҳокимияти ваколатларини изчил ошириб бориш, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш имконини беради. Шунингдек, суриштирув, тергов ва суд амалиётида фуқаролар дахлсизлигини таъминлаш учун янада холис механизм жорий этилишига ва адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқларни кенгайтиришга, суриштирув ва тергов ходимлари масъулиятини ошириш ҳамда дастлабки тергов сифатини яхшилашга, шахснинг шикоят қилиш кафолатларини кенгайтиришга, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланганидек, ҳар қандай шахс учун суд орқали ҳимояланиш имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепцияда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида берилган таклифлар суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончлироқ ҳимоя қилиш мақсадларига эришиш имконини беради.
Отабек Шокиров, Балиқчи туман 1-сон ДНИ нотариуси