18

Қўлланилган таъсир чоралар қонунийликни таъминлаш мақсадини назарда тутади


Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятдаги 40 та ташкилотда ўрганиш ўтказилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бошқарма томонидан тегишли ташкилотларга 104 та тақдимнома, 128 та огоҳнома ва кўрсатмалар, судларга тадбиркорлар фойдасини кўзлаб, қарздорликларни ундириш юзасидан 63 та даъво аризаси киритилди. Мансабдор шахсларга нисбатан 11 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 9 нафар масъул мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, қолган 2 та маъмурий иш ҳозирда суднинг иш юритувида кўрилмоқда.

Жумладан, Балиқчи туман ДСИда ўтказилган ўрганиш давомида жорий йилнинг 6 июндаги ҳисобварақлари тўхтатилган 21 нафар хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамлари қайтадан очиб берилган. Ўрганиш якуни бў­йича туман ДСИга тақдимнома киритилди.

Президентимиз фармонлари, ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъект­ларига етказиш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Жумладан, Жалақудуқ туман педагогика иқтисодий-ижтимоий коллежида, Хўжаобод, Асака, Улуғнор туманлари ҳокимликларида семинарлар ўтказилди. Унда туман ҳокимлари, прокуратура масъул ходимлари, халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссия раислари, Давлат солиқ инспекцияси, савдо саноат палатаси, банк муассасалари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекция ходимлари иштирок этди. Семинарда юқорида кўрсатиб ўтилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тўғрисида тадбиркорлик субъектларига, ёш тадбиркорларга ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган коллеж битирувчиларига тўлиқ тушунчалар берилди.

Шунингдек, бошқарма томонидан Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Ўзбекис­тон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақ­садида жорий йилда Балиқчи, Улуғнор, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Пахтаобод ва Шаҳ­рихон туманларидаги назорат қилувчи, маҳаллий ҳокимлик ва хизмат кўрсатувчи банк идораларида ўр­ганишлар ўтказилди. Унда юқоридаги қарорлар талаблари бузилганлиги аниқланди. Хусусан, жами аниқланган 285 та қонунбузилиш ҳо­латининг 109 тасида ҳисобварақларидан солиқ ва мажбурий тўловларни давлат бюджетига ўтказишда банк хизматлари ундирилган, 167 та ҳолатда эса ДСИ томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳисобварақлари ноқонуний, яъни суд қарорисиз тўхтатилган.

Жумладан, Марҳамат туманида жойлашган “Баланд тоғлар салобати” хусусий корхонаси молиявий ҳисоботларни тақдим этмаганлиги сабабли электрон қарор асосида корхона ҳисоб рақами 2014 йил 16 июндан бошлаб тўхтатилган.

Улуғнор туманидаги “Мамажон бува” фермер хўжалигидан 8.500.000 сўм пул маблағини солиқ тўлови учун ўтказиш юзасидан тў­лов ҳужжати банкка топширилган ва шундан, солиқ органи ҳисоб рақамига 8.286.300 сўм миқдорида маблағ тўланган бўлиб, банкнинг Улуғнор туман Оқолтин филиали томонидан 21.369 сўм банк хизмати ундирилган. Ваҳоланки, юқо­ридаги қарорларга кўра, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилинган.

Бошқарма ходимлари томонидан вилоятда 1501 та фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъекти мавжудлиги аниқланиб, соғломлаштириш “муолажа”лари ўтказилди, яъни ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилгач 51 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини тиклашга эришди.

Шаҳрихон туманида “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” тўлдирилиши юзасидан мониторинг ўтказилганида “Текширишларни рўй­хатга олиш китобини тўл­дириш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бузилганлиги аниқланди ва унинг юзасидан вилоят ДСЭНМ бош врачи номига тақдимнома киритилиб, Хў­жаобод туман ДСЭНМ мутахассиси А.Мирзаевга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ташкилотлар, жумладан, фер­мер хўжаликлар, хизмат кўрсатувчи ва тайёрлов корхоналари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъ­ект­ларда шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда уларда қонунийлик таъминланиши юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, фермер хўжаликлари билан давлат эҳтиёжлари учун 288683 тонна пахта хомашё­си харид қи­лиш бўйича 2775 та, 266643 тон­на бошоқли дон харид қилиш бўйича 3052 та, 3295 тонна пилла хомашёси харид қилиш бўйича 4248 та, жами 26679 та шартноманинг тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, адлия бош­қармаси ходимлари томонидан 2014 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун туманларда ташкил этилган отрядлар ва фермер хўжаликлари ўртасида 1005 та терим шартномаси тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўр­сатилди.

Тузилган мазкур шартномаларнинг барчаси адлия бош­қармасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Жа­ми 7160 та шартноманинг тузилиши-ю, шартнома шартларининг бажарилишида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни белгиланган тартибда бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бошқарма томонидан вилоят ички ишлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили (Омбудсман), Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон минтақавий бўлинмаси, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Меҳримиз сизга” ННТ билан ҳамкорликда 2013-2014 йиллар учун мўл­жалланган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тадбирлари режаси ишлаб чиқилган. Ва бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар, қонунчилик асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳуқу­қий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг энг муҳим гаровидир.

Иброҳимжон Турғунов, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи