01

Коррупция - ижтимоий тараққиёт кушандаси


Коррупцияга қарши кураш Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг муҳим аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг кўпгина маъруза ва асарларида коррупцияга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида коррупцияни ислоҳотлар йўлидаги тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида баҳолайди.

Жумладан Президентимиз мазкур асарида “Мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи даркор. Ҳалол меҳнат қилиш, ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилиятини сарфлаш учун барқарор шарт-шароит бўлишини истайдиган, фарзандлари ва яқин кишилари келажакда ҳам демократик, фуқаролик жамиятида цивилизациялашган бозор муносабатларининг самараларидан тўла-тўкис фойдаланишни орзу қиладиган ҳар бир фуқаро, жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйилмаса, бу иллатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб етмоғи лозим”, деб таъкидлайди.

Бу иллатга қарши курашни жаҳон талаблари асосида шакллантириш мақсадида 2008 йил 7 июлда мамлакатимиз БМТнинг "Коррупцияга қарши" конвенциясини ратификация қилди ва шу йили "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Ушбу конвенция талаблари коррупцияга оид миллий қонунчиликни яна бир бор таҳлил этиш, зарурий ҳуқуқий меъёрларни қабул қилиш ва шу орқали коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Шунингдек, ушбу қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа Иштирокчи-давлатларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган органлар сифатида белгиланди.

Коррупцияга қарши кураш сиёсати давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупцияни озиқлантирадиган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган ҳар томонлама ва изчил чора-тадбирларни қамраб олади. Коррупция, агар унга қарши доимий кураш олиб борилмаса, кўпайиш, кенгайишга мойил бўлган феномендир.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш коррупцияга қарши курашишнинг асосий чоралари бўлмиш ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштиришни, барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан қонун ва ҳуқуққа бўлган ижобий муносабатга етишиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини таъминлашни ўз ичига олади.

Ҳозирги кунда адлия органлари томонидан бошқа орган ва ташкилотлар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мвқсадида турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Ҳаётбек Акбаров, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими