Барчамизга маълумки, тадбиркорлик фаолияти иқтисодиётимиз таянчларидан бири ҳисобланиб, тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий сектор вакиллари фаолиятини ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади.
Юртбошимизнинг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан адлия органларига тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриш бу борада уларни бузилган ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.
Андижон вилоят адлия бошқармасининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2014 йилнинг ушбу кунига қадар мониторинг асосида 48 та маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва назорат тузилмаларида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, тадбиркорларнинг ҳуқуқларига оид 2.917 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Мазкур аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан бўлим томонидан тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 115 та тақдимнома, 131 та огоҳнома ва кўрсатмалар ҳамда тадбиркорлар фойдасига 1.965.229.054 сўм пул маблағ ундириш ҳақида 70 та даъво аризалари киритилди.
Мазкур ўрганишлар натижасида бўлим томонидан масъул мансабдор шаҳсларга нисбатан тадбиркорлар ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги юзасидан 10 та холатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 10 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қўлланилган таъсир чоралар натижасида тадбиркорлар манфаатига зид равишда қабул қилинган 55 та қарорлар бекор қилинган бўлиб, шундан 5 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 50 таси назорат қилувчи органлар қарорлари ҳисобланади. Киритилган тақдимномалар натижасида 113 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилган бўлиб, 17 нафар шахслар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Андижон вилоят Адлия бошқармасида “ишонч телефони” ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 25 июнь куни Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган “Шамс Панох сервис” хусусий корхонаси рахбари ДТ “Халқ банки” Куйган-Ёр филиали ходимлари томонидан асоссиз равишда унинг ҳисоб рақамидан пул маблағини бошқа ҳисоб рақамига унинг розилигисиз ўтказиб юборилганлигидан норози бўлиб “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.
Тадбиркорлик субъектининг мазкур мурожаати адлия бошқармаси томонидан ўрганиш жараёнида ҳақиқатдан ҳам ДТ “Ҳалқбанк” Куйган-Ёр филиали томонидан “Шамс Панох Сервис” хусусий корхонаси ҳисоб рақамидаги пул маблағини тадбиркорнинг розилигисиз ва хабардорлигисиз ўтказиб юборганлиги аниқланди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари бузилганлиги учун банк устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида тадбиркор фойдасига жарима ундириш юзасидан Андижон вилоят Хўжалик судига даъво аризаси киритилди.
Хулоса ўрнида шуни такидлаш жоизки, Республикамизда мазкур соҳаларда олиб борилаётган ишлар, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланиб бориши жараёнида, уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга асосий вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.
Муроджон Ахматохунов, Андижон вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими