ЮРТИМИЗДА кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу, энг аввало, уларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларининг тобора такомиллашиб бораётганида ўз аксини топмоқда.
Хусусан, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2012 йил 2 майда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Қонуннинг 11-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги қатъий белгилаб қўйилди. Яъни давлат органлари, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига амал қилиниб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилиши алоҳида қайд этилган.
Бундан ташқари, Қонуннинг 21-моддасида банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банк ҳисобварағида мавжуд бўлган пул маблағларидан, ҳисобвараққа талаблар қўйилганда маблағларнинг мавжуд бўлишини ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ушбу маблағларни ҳисобварақда турган суммалар доирасида монеликсиз тасарруф этиш ҳуқуқини кафолатлаган ҳолда фойдаланиши мумкин. Агар қонунда ёки шартномада бошқача муддатлар назарда тутилган бўлмаса, банк ёки бошқа кредит ташкилоти тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларини тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан мазкур ҳисобвараққа киритиб қўйиши, тадбиркорлик фаолияти субъектининг топшириғига кўра, ҳисобварақдан пул маблағларини бериши ёки ўтказиши шартлиги белгиланган бўлса-да, бошқармага келиб тушаётган мурожаатлар мазкур қонун талаблари айрим идоралар томонидан бузилаётганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, бошқарманинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига 2014 йил декабрига қадар 110 та ариза ва шикоят, 35 та “Ишонч телефони”га мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 34 таси банк ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилинган мурожаатларни ташкил этади.
Бўлим томонидан 40 дан ортиқ ташкилотларда ўрганишлар ўтказилиши натижасида 2.700 дан ортиқ хато ва камчилик аниқланди. Булар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда туман (шаҳар) ҳокимликларида 101 та, солиқ тизимида 135 та, тижорат банклари соҳасида 402 та, вилоят санитария-эпидемиология назорат маркази ва унинг тизимида 39 та, Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати идоралари томонидан 11 та, вилоятдаги бошқа назорат қилувчи идораларда 1.292 та, Коммунал хизмат кўрсатувчи идораларда 397 та, бошқа ташкилотларда 319 та хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 134 та тақдимнома, 164 та огоҳнома ва кўрсатма, судларга тадбиркорлар манфаатини кўзлаб 1 684 664 576 сўмлик 68 та даъво аризаси киритилди.
Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 11 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Хулоса ўрнида айтганда, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунга итоаткор тадбиркорларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш адлия идораларининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. Зеро, тадбиркорлик ривожланса, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор, халқимиз янада фаровон яшаши таъминланади.
Мирзобобур КАРИМОВ Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими