27

Айбдорларга ҳуқуқий баҳо берилди


БУГУНГИ кунда адлия органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, фермер хўжаликларига шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, бошқармага 2014 йил давомида 779 та мурожаат келиб тушган. Уларни ўрганиш жараёнида 457 таси ёки 58,6 фоизи қаноатлантирилган, 264 таси бўйича мурожаат муаллифларига ҳуқу­қий тушунтириш берилган бўлса, 61 таси тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган.

Шунингдек, келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга жами 572 та тақдимнома, 28 та жиноий жавобгарлик, 76 та маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш юзасидан таклифлар киритилди, 927 та бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилди.

Киритилган таъсир чораларига асосан 494 нафар мансабдор шахсга интизомий, 68 нафар мансабдор шахсга нисбатан эса маъмурий жазо чораси қўлланилган, 55 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 28 нафар шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. 6 миллиард 718 миллион сўмдан зиёд маблағ эса ўз эгаларига қайтарилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан Избоскан туманидаги “Бахтиёр Шохсанам келажаги” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб Сувназорат инс­пекциясининг 2013 йил 22 майдаги фермер хўжалиги раҳбарини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори иш юритувдан тугатиш тўғрисидаги даъво ариза жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2014 йил 28 мартдаги қарорига асосан маъмурий қарор иш юритувдан тугатилди.

Бундан ташқари, Избоскан туманида яшовчи фуқаро Ў.Буважонова ва бошқаларнинг Избоскан туман ҳокимлигининг мансабдор шахслари томонидан уй-жойларининг чегара ҳудудида жойлашганлиги сабабли ноқонуний тартибда бузиб юборилганлиги ҳамда товон пуллари берилмасдан бошпанасиз қолганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди. Натижада вилоят прокуратурасига айбдор мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан таклиф киритилиб, Избоскан туман прокуратураси томонидан туман ҳокимлигининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, бошқарма томонидан В.Усмонов номли “Шахрихон пахта тозалаш” акциядорлик жамияти қошидаги “Сегазакум ПТМ” бир гуруҳ ходимларининг 2007 йилдан буён ойлик маошлари берилмаётганлигидан норози бў­либ қилган мурожаати ҳам ўрганиб чиқилди.

Мурожаатдаги масала юзасидан фуқароларнинг манфаатини кўзлаб “Шахрихон пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлар­аро судига даъво ариза киритилиб, жамиятдан фуқароларга тўланмаган иш ҳақини ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Хайрулло СОБИРОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари