03

Ноқонуний қарорлар бекор қилинди


Тадбиркорлик фаолияти иқтисодиётимиз таянчларидан бири ҳисобланиб, уларнинг фаолиятини ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади.

Бу борада Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2014 йил давомида 70 дан ортиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва назорат қилувчи органларда ўрганишлар ўтказилиб, мазкур ўрганишларда 3 мингдан зиёд қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Улар юзасидан тадбиркорлар манфаатини кўзлаб 137 та тақдимнома, 167 та огоҳнома ва кўрсатма, судларга тадбиркорлар фойдасига 2 миллиард сўмга яқин пул маблағини ундириш ҳақида 71 та даъво ариза киритилди.

Қўлланилган таъсир чоралари натижасида тадбиркорлар манфаатига зид равишда қабул қилинган 58 та қарор бекор қилинди, 105 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилди, 18 нафар мансабдор шахс эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан 2014 йил давомида 798 нафар тадбиркорлик субъектининг текширишларни рўйхатга олиш китоби мониторинг қилинганда 339 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан 38 та тақдимнома киритилиб, 17 нафар масъул мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, АТБ “Агробанк” Шаҳрихон туман филиалида туман давлат солиқ идораси ходимлари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисоботларини қабул қилишда бекор қилинган 2-а солиқ ҳисоботи олинганлиги аниқланди ва Шаҳрихон туман ДСИга тақдимнома киритилиб, туман ДСИ ходимларидан 2 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бошқарма иш режасига асосан туман ҳокимликларида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларига оид қонун ва ушбу қонун асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатлари ижроси ўрганилди. Унга кўра, Шаҳрихон туман ҳокимлигига киритилган тақдимномага асосан туман ҳокимининг 2013 йил 30 декабрдаги 535-Қ-сонли қарорининг 2-банди, Балиқчи туман ҳокимининг 2013 йил 9 апрелдаги 218-Қ-сонли қарорининг 2-банди, шунингдек, 2013 йил 31 декабрдаги 720-Қ-сонли қарорининг 2-банди ва 2014 йил 28 ноябрдаги 803-Қ-сонли қарорининг тегишли қисмлари, Избоскан туман ҳокимлигига киритилган тақдимномага асосан эса ҳокимликнинг етакчи мутахассисига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси берилиб, туман ҳокимининг 2014 йил 2 январдаги 1-Қ-сонли қарорининг 2-банди бекор қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланиб бориши жараёнида уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асосий вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Муҳаммадбобур Каримов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими