Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш тамойилининг таъминланиши ҳақиқий демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Конституциямизнинг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни қадр-киммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда амалга оширилаладиган демократик ислоҳотлар марказида ҳар доим биринчи ўринда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради.
“Инсон ҳуқуқлари” кенг қамровли тушунча бўлиб, у туғилишдан тортиб, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқаронинг эркин иштирок этишгача бўлган ҳуқуқларига тааллуқлидир. Халқаро даражада, бир томондан, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ва иккинчи томондан, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар фарқланади. Айни пайтда инсоннинг барча ҳуқуқлари универсал, бўлинмас, ўзаро боғлиқдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган ҳуқуқий тизим ташкил этилган. Демократия ва фуқаролик жамиятининг асосий институтлари шакллантирилмоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда.
Хусусан, Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида адлия органлари зиммасига юкланган бошқа вазифалар билан бир қаторда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини холис ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги далиллар аниқланган ҳолатларда қонунга мувофиқ уларни тиклаш чораларини кўрмоқда. Бундай қонунбузарликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан эса тақдимнома киритиш каби таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар манфаатлари учун судларга даъво аризалари киритилмоқда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол бузилган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки судларга мансабдор шахсларни жавобгарликка, ҳаттоки, жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифлар тақдим этилмоқда.
Жумладан, 2014 йил давомида вилоят адлия бошқармаси томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш мақсадида тегишли идораларга 65 та тақдимнома киритилиб, уларнинг барчаси ижроси таъминланди. Тақдимномаларга мувофиқ, 78 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 10 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Шунингдек, қонунга зид қабул қилинган 32 та ҳужжат бекор қилинди, 14,8 миллион сўмдан ортиқ маблағ фуқароларга қайтарилди.
Яна шуни таъкидлаш керакки, аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш мақсадида маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида 27 та таклиф киритилди, улар асосида 25 нафар айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Мисол учун, бошқарманинг 2014 йил 2-ярим йиллик иш режасига асосан Избоскан туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда инсон ҳуқуқларига оид бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишда туман ҳокимлигига 2014 йил 1 март куни Избоскан туманида яшовчи фуқаро Г.Қўчқаровани бино-иншоатини нотурардан турар-жой тоифасига ўтказиб беришни сўраб ёзган аризаси кирим қилиниб, ижро этишлик учун туман тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси бошлиғи Л.Мамадалиевга берилган бўлсада, ижрочи томонидан ариза муаллифига ўрганиш кунига қадарли ёзма равишда жавоб берилмаган. Худди шундай ҳолат, фуқаро М.Рахимовни аризасида ҳам такрорланган. Бу билан фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонуннинг 21-моддаси тартиб қўпол равишда бузилган.
Ўрганиш натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси билан Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судига маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилиб, суднинг қарори билан ҳуқуқбузарга нисбатан энг кам ойлик иш ҳаққининг бир баравари миқдорида 107.630 сўм жарима жазоси тайинлашга эришилди.
Бундан ташқари, айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларга 18 та таклиф киритилиб, 7 нафар мансабдор шахсларга жиноят иши қўзғатилди.
Бўндан ташқари, 2014 йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан тегишли идораларга 36 та огоҳнома ва 35 та кўрсатма киритилди.
Шу билан бир қаторда, адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан уларнинг манфаатларини кўзлаб судларга қиймати 635 миллион сўмдан ортиқ 241 та даъво аризаси тақдим этилган. Уларнинг қиймати 572 миллион сўмдан ортиқ 240 таси қаноатлантирилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида ахолини ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғоясини тарғиб қилиш мақсадида бошқарма ходимлари томонидан 2014 йил давомида жами 115 та тарғибот ишлари ўтказилди, уларнинг 32 таси оммавий ахборот воситаларида, 83 таси оғзаки ҳуқуқий тарғиботларини ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад битта - қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклаш. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
Х.Ахмедов, Андижон вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси