Яқинда фарзандини уйлантириш тараддудида бўлган онахон идорамизга ташриф буюрди. У бўлажак келин-куёвнинг никоҳини қайд этиш масаласида маслаҳат олгани келган экан. Уларга тартиб-қоидаларни тушунтирганимизда гап ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишига тақалди. Шунда ҳамсуҳбатимиз ўзининг ҳасратли ҳикоясини айтиб берди.
Маълум бўлишича, бу аёлнинг қизи бир неча йил бурун турмушга чиққан экан. Орадан маълум вақт ўтгач, куёвнинг гиёҳвандликка ружу қўйганлиги аён бўлиб қолади. У шу даражага борадики, янги келиннинг сепини ҳам пуллашга тушади.
- Мол-мулкку майлия, энг ёмони йигит гиёҳвандлик моддаси топилмай қолганда ҳумори тутиб, аламини кимдан олишини билмай, қизимни беаёв калтаклар экан, - дея ҳикоясини давом эттирди ҳамсуҳбатимиз. - Охири қизим у билан ажрашишга мажбур бўлди. Бир сўз билан айтганда ҳаёти ғурбатга айланди. Ҳали-ҳамон ўзига келгани йўқ. Уни руҳий тушкунлик, ишончсизлик азоби қийнайди. Шунинг учун никоҳдан олдин бир-бирларини синаш, оила аъзолари, авлод-аждодларини ўрганиш, энг асосийси тиббий кўрикнинг аҳамияти жуда ҳам катта экан...
Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жамиятимиз ривожига, келажагимиз эгаларининг ҳаётига, саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши аёвсиз кураш олиб бориляпти. Бу мақсадда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун ҳам қабул қилинган. Шунингдек, мамлакатимиз БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона Конвенцияга, Психотроп моддалар тўғрисидаги, Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага киритишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияларига қўшилган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бундай салбий иллатлар жамиятимизга, фарзандларимизга ҳеч қачон таҳдид солмасин. Уларга қарши курашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз бўлиб қолиши зарур.
М.Исақова, Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси