16

Аёллар фаоллиги – юксалиш омили


Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни вояга етказиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўтган давр мобайнида жамиятнинг барча соҳаларида хотин-қизлар манфаатларини ифода этадиган юзга яқин қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилингани бунинг ёрқин мисолидир. Бу борадаги вазифаларни амалга оширишга қаратилган давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз деярли барча маърузаларида аёлларга бўлган эътиборни кучайтириш ҳақида қайта-қайта таъкидлаб келадилар. Аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини, жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, касбий ўсишни қўллаб-қувватлаш, аёлларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш долзарб вазифалардан саналади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шаҳар ва туманлар, олис ва чекка қишлоқларда замонавий жиҳозлар билан таъминланган соғлиқни сақлаш муассасалари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар фойдаланишга топширилмоқда. Маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари жамиятда бағрикенглик, эзгулик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқдалар.

Аёлнинг оиладаги ўрни ва мавқеи беқиёс, чунки у оила, фарзандлари ва улар орқали жамият ҳаётида иштирок этади, унинг биологик, психологик, тиббий хусусиятлари оилада вужудга келади, шаклланади ва ривожланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб кўрсатилган

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг, айниқса, қишлоқ жойларда меҳнат шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасига янада кенгроқ жалб этиш, касаначиликни ривожлантириш борасида кенг миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги вақтда республикамизда тадбиркорларнинг хусусий корхона очиши ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун тижорат ва истеъмол кредитлари олишда банклар томонидан қатор имтиёзлар берилмоқда. Уй бекаларини фаол меҳнатга жалб этиш, касаначилик, оилавий тадбиркорлик имкониятларидан кенг фойдаланиши учун тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ишбилармон хотин-қизлар сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Республикамизда бундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган тадбиркор аёллар жуда кўп бўлиб, улар бошқа аёлларга ҳам ўрнак бўлишмоқда.

Хотин-қизларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз оиласи жамғармаси ҳамда мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиши учун улкан имкониятлар яратилган мустақил юртимизда аёллар манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган фаолиятни янги босқичга кўтариш, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш лозим бўлади.

М.Аҳмаджонов, Шаҳрихон туман 1-сон ДНИ нотариуси