Юртимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясининг изчил равишда амалга оширилиши билан фуқаролик жамияти институтларининг амалий тажрибаси, сиёсий нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ва ҳаётимизда ҳал қилувчи кучлардан бирига айлантириш учун зарур ҳуқуқий асослари давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилиниб нодавлат нотижорат ташкилотларининг тушунчалари, таъсис этилиш тартиби, уларнинг фаолият доираси ва ҳуқуқий мақомлари белгилаб қўйилди. Учинчи секторга тушунчалар берилди, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро алоқалари, давлат рўйхатидан ўтказиш, устав фаолиятларига амал қилишлари учун назорат қилиш тартиби белгиланди.
“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш” Концепциясида Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш борасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти – маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгиланганлиги фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугунги кунда адлия бошқармаси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳудудий бўлимларини ташкилий-ҳуқуқий шаклларини юқоридаги қарорларда белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Бошқарма томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига қайта рўйхатдан ўтишда ҳар томонлама амалий ҳамда юридик ёрдам кўрсатилиши натижасида бугунги кунда 80 дан ортиқ шундай тузилмаларнинг ҳудудий бўлимлари қайта рўйхатга олиниб қонунга мувофиқлаштирилди.
Хулоса ўрнида айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ривожланиши очиқ фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этишда муҳим омил бўлиб, тараққиётга хизмат қилади.
Х.Акбаров, Андижон вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи