Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Оила жамиятнинг асосий бўғини...” эканлиги кўрсатилган.
Оила фақат жамиятнинг асосий бўғини бўлибгина қолмасдан, миллий қадриятлар, яъни тил, маънавий-аҳлоқий фазилатлар, қон-қариндошлик, жамоавий алоқаларга содиқлик ва ҳоказоларни асровчи, авлоддан-авлодга мерос қолдирувчи маънавий қўрғон экани билан муҳимдир.
Бош қомусимизда оилани мустаҳкамлаш, ундаги муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида оила қуриш, бирор-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш каби асосий тамойиллар ўз ифодасини топган.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари, мактаб ва коллежларда ўтказилаётган тадбирларга туман (шаҳар) ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда бошқа муассасалар вакиллари жалб этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом асосида никоҳланувчи шахсларни 5 хил турдаги касалликлар, яьни психик, наркологик, таносил касалликлари, сил касаллиги ва ОИВ юзасидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда тиббий кўрикнинг бепул ўтказилиши ва ҳаққоний хулосалар берилиши тиббиёт мутахассисларининг муҳим вазифаси ҳисобланади.
ФҲДЁ бўлимлари томонидан қонуний никоҳдан ўтишни сўраб мурожаат этаётган никоҳланувчиларга тиббий кўрикка йўлланмалар берилмоқда.
Шу билан биргаликда, ҳозирги кунда кўпинча никоҳни расмийлаштиришни сўраб шаърий никоҳдан ўтиб яшаб келаётган фуқаролар мурожаат қилиш ҳоллари учраб турибди. Шаьрий никоҳда яшаб келаётган ҳар бир оилага тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги тушунтирилиб, жойларда ҳам ушбу муаммо юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Асосий мақсад ёшларни оилага тайёрлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, эрта никоҳ қуришнинг ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, уларнинг фарзандлари соғлом туғилишини ва тарбияланишини таьминлаш масалалари бўйича оила қурмоқчи бўлган ёшлар ва ёш оила аьзолари орасида тушунтириш ишларини кучайтиришдан иборат.
Зеро, соғлом оила, соғлом авлод, соғлом келажакни яратади.
М.Абдухаликов, Асака туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудири