Бола дунёга келганидан бошлаб то вояга етиб, улғайгунча ота-онасининг қарамоғида бўлади, тарбиясини олади. Лекин, шундай ҳолатлар юзага келадики, болалар ота-оналари қаромоғидан маҳрум бўладилар. Бунда уларнинг етим бўлиб қолишлари, ота-оналарининг тарбияга лаёқатсизлиги сингари ҳолатлар инобатга олинади.
Мустақил мамлакатимизда ота-оналарининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга доимий ғамхўрлик давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда бош қомусимз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам белгилаб қўйилган. Шунга кўра, ота-оналари қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш учун болалар уйлари ташкил этилган ҳамда улар замонавий андозалар асосида жиҳозланган.
Хўш, “Ота-оналарнинг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари нималардан иборат? деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда Республика Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари билан тасдиқланган “Болалар уйлари тўғрисида”ги Низом ҳамда “Ўзбекистон Республикасида васийлик ва хомийлик тўғрисида”ги Низомда аниқ белгилаб қўйилган.
“Болалар уйлари тўғрисида”ги Низомда шундай дейилган:
а) етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар:
ота-оналари вафот этган, ота-оналар ота-она ҳуқуқларидан маҳрум этилган, ота-оналарнинг ота-она ҳуқуқлари вақтинча чекланган, ота-оналар ҳуқуқий лаёқатсиз деб эътироф этилган, ота-оналар касал бўлган, ота-оналар узоқ вақт (6 ойдан ортиқ) бўлмаган, шу жумладан ота-оналар ўз болаларини тиббиёт муассасаларидан олишни рад этган ҳолларда, шунингдек ота-она қарови мавжуд бўлмаган бошқа ҳолларда;
ташландиқ (топилган) болалар;
қолдириб кетилган болалар (туғруқ муассасасидаги ёки стационардаги ҳамда текшириш ва даволашнинг тўлиқ курсидан ўтган, бироқ узрли сабабларсиз уч кун муддатда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан олинмаган болалар);
б) ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкони йўқлиги туфайли доимий равишда якка тартибда парвариш қилишга муҳтож психофизик ривожланиши бузилган болалар ота-оналар розилиги билан ва ота-оналари бор-йўқлигидан қатъи назар;
в) ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжат бўйича кам таъминланган оилаларнинг болалари, шунингдек фақат ота-онасининг бирига (она ёки отага) эга бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори бўйича, боланинг бу ерда бўлиши муддатини узайтириш кейинчалик қайта кўриб чиқилган ҳолда 1 йилгача муддат билан.
Ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришга монелик қиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Улар болаларда жараённинг фаол босқичида сил касаллиги; тери ва сочнинг юқумли касалликлари; ўткир, шу жумладан, вирусли юқумли касалликлар; тери таносил касалликлар мавжудлиги билан боғлиқ. Бундай болалар тегишли ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига юборилиб, керакли муолажалар тўлиқ тугаллангандан сўнг болалар уйларига юборилади.
Низом асосида қаровсиз ўғил-қизлар болалар уйида туғилган пайтидан бошлаб уч ёшгача тарбияланиши белгилаб қўйилган. Болада психофизик ривожланиш бузилганлиги мавжуд ҳолатда эса бу муддат 4 йилни ташкил этиши мумкин.
Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимининг белгиланган тартибдаги қарори қаровсиз қолганлар болалар уйида 7 ёшгача тарбияланиш имкониятини яратади. Белгиланган муддат ўтгач болалар “Меҳрибонлик уй”ларига ўтказилади. Ўқитилиши керак бўлмаган психик нуқсонли тарбияланувчилар эса Республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза вазирлиги тизимидаги “Мурувват” болалар интернат уйларига юборилади.
Мухтасар қилиб айтганда, ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилидир. Зеро, боланинг бегонаси бўлмайди.
Ш.Саматова, Шаҳрихон туман ФҲДЁ бўлими мудираси