Андижон вилоят адлия бошқармасига жорий йилнинг 1-чораги давомида фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисида 35 та мурожаат келиб тушган, шундан 10 та мурожаат қаноатлантирилди, 8 тасига ҳуқуқий тушунтириш, 10 таси эса кўриб чиқиш учун тааллуқлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилди.
Шунингдек, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 10 та мурожаат тўлиқ қаноатлантирилишига эришилди.
Масалан, Шаҳрихон туманидаги Найнаво ҚФЙда яшовчи Вахобова Моҳирахон 2015 йил 22 январда адлия бошқармасига Шаҳрихон туман 36-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан бола парвариши таътилидан ишга қайтганида ғайриқонуний равишда иш билан таъминланмаётганидан норози бўлиб, ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, М.Вахобова 2009 йил 2 январдан тўгарак раҳбари лавозимида ишлаган. 2011 йил 1 октябрдан эса бола парвариши таътилига чиққан. 2014 йилнинг декабрь ойида таътилдан қайтганида мактаб директори иш билан таъминламаган ва бу билан Меҳнат кодексининг 234-моддасига риоя қилмаган. Мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасига киритилган таклифга асосан М.Вахобова ишга тикланди.
Шунингдек, Андижон туманидаги Ёрбоши ҚФЙ, Айрилиш маҳалласида яшовчи Нозимжон Ниёзов “Пилла” давлат корхонаси томонидан ишчиларга ойлик иш ҳақи берилмаётганлигидан норози бўлиб бошқарманинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, корхонадаги 15 нафар ходимнинг 66.665.904 сўм ойлик иш ҳақини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан иш ҳақи ҳамда мансабдор шахсдан 750.000 сўм маънавий зарар ундирилди.
Бундан ташқари, Хўжаобод туманидаги Олтин водий ҚФЙ, Саноатчилар МФЙ, Тинчлик кўчасида яшовчи Акбарова Дилафрўз 2014 йил декабрь ойидан буён 2-гуруҳ ногиронлиги учун олаётган нафақа пули Булоқбоши туман Пенсия жамғармаси томонидан асоссиз равишда берилмаётганлигидан норози бўлиб бошқарманинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида Д.Акбарова 2015 йил 1 январь кунидан бошлаб Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратининг топшириғига асосан ишловчи пенсионерларнинг пенсия тўлови янги жорий этилган “ПК Пенсия” дастурий мажмуасига киритилиши муносабати билан Булоқбоши туман пенсия жамғармаси ходимлари томонидан Д.Акбарованинг пенсияси дастурга ўз вақтида киритилиб, ижро этилмаганлиги оқибатида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этмаганлиги аниқланиб, қонун ҳужжатларининг бузилиш сабаблари ва бу ҳолатга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Андижон вилоят бошқармасига тақдимнома киритилди. Натижада Д.Акбаровага 2014 йил декабрь ҳамда 2015 йил январь, февраль ойларига тўланмай қолган 741 минг 29 сўм пенсияси нафақахўрнинг иш жойига, яъни Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобига ўтказиб берилди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булоқбоши туман бўлими бошлиғи Н.Исмоилов билан эса меҳнат шартномаси бекор қилиниб, пенсия ва нафақалар тўлови мутахассиси А.Мўминовга энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида жарима қўлланилди.
Н.Тўрахонов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими