28

Авлодлар келажагига бефарқлик кечириб бўлмас ҳол


Орзу-ҳаваслар билан катта тўй қилиб оила қурилди. Оила умр йўлидаги гўзал бир саройдир. Икки ёш бирлашиб бу саройнинг пойдеворини мустаҳкам қилиб яратишлари шарт. Агар оилани мўъжазгина бир жамиятча, деб тасаввур қиладиган бўлсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги шу жамиятнинг жипслилигига боғлиқ. Қайсики жамиятда оилалар мустаҳкам бўлса, бу жамият мустаҳкамдир. Лекин никоҳ, оила қуриш масалаларига масъулиятсизлик билан қараш, енгил-елпи ўйлаш, айрим ёшларимизнинг енгилтаклиги сабабли оилаларнинг бузилишини фожиа, деб аташ мумкин. Балки сиз бу ҳолатни фожиа, деб аташимизга қаршидирсиз, лекин ҳар бир оилавий ажрим орқасида турган бир ёки бир нечта боланинг тақдири ҳақида ўйлаганингизда бунга амин бўласиз.

Никоҳдан ажралиш ҳолатлари жамиятдаги барча салбий кўрсаткичлар, яъни вояга етмаган болаларнинг қаровсиз қолиши ва бунинг натижасида келиб чиқадиган вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ортиши, нотўлиқ оилаларнинг кўпайиши, ёлғизлик, аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар, нотўғри йўлларга — жамиятдаги мавжуд ахлоқ-одоб нормаларига зид ҳаракатлар содир этишга мо­йиллик, ажрашган эр-хотинлар ва уларнинг қариндошлари ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви кабилар, аслида никоҳдан ажралиш ҳолатларининг асоратларидир.

Шу ўринда оилавий ажримлар туфайли эр ва хотин ўртасида уй-жой, мол-мулк бўлиш ҳолатларининг юз бериши оилалар ўртасидаги зиддиятларни янада кескинлаштиришини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, оилавий ажрим туфайли болаларга алимент тўлаш масаласи юзага келишини ҳам эсга олиш ўринлидир. Ҳар бир инсоннинг қалбида виждон, деган “терговчи”си бор. Ушбу “терговчи” олдида никоҳдан ажралаётган йигитларимиз 2 ёки 3 болага маълум бир маблағни бераётган киши бўлиб, ўз зурриёдларини ўз ҳолларига ташлаб қўйганликларини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, шу арзимаган пул уларни моддий таъминлашга етарли, деб ҳисобласалар. Бир боланинг ўсиши, вояга етиши, мактабга бориши, таълим олиши, бирор ҳунар эгаси бўлиши учун наҳотки шунинг ўзи кифоя қилса. Майли бу масаланинг моддий томони, лекин унинг маънавий томони, болаларнинг мурғак қалбидаги аламзадалик, катталарга ишончсизлик, атроф-муҳитга ғазаб, буларнинг сўровичи? Қалби кемтик фарзандларнинг юрагини оғритаётган, уларни қийнаётган саволларнинг жавобичи?

Эр-хотинни қўш хўкиз, дейдилар. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега қўш гул, қўш булбул эмас. Рўзғор, деб аталган оғир юкни икки киши бирлашиб тортиши учун қўш хўкиз, деб аталгандир балки. Энди тасаввур қилинг, икки кишига аталган юк битта одам елкасига, энг ачинарлиси, аёл елкасига тушса. У фарзандларининг еб-ичиши, таълим олиши, кийиниши учун елиб-югурса. Қайси пайтда болаларини назорат қилади, уларнинг соғлиги ҳақида қайғуради, улар қачон, ким билан эканлиги ҳақида ўйлайди.

Назоратсиз қолган вояга етмаган бола ўз билганича яшай бошлайди. Шу ўринда оталар вояга етмаган нораста болалари учун, уларнинг келажаги учун, кўз очиб кўрган аёлининг яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшасалар бўлмайдими, деган ҳақли савол туғилади. Ахир фарзандлари камолоти учун ҳар қандай қийинчилигу мушкулликларга чидаш улуғ савоб, ота ёки она зиммасидаги бурч ва масъулият эмасми?

Фарзандларимиз бор экан юксак орзу-умидлар билан келажакка интилиб яшаймиз.

М.Саидова, Асака туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси