Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома биринчи ҳуқуқий ҳужжатдир
Ўзбекистон республикасининг Оила кодексига асосан қонуний никоҳ тузилгандан сўнг оила барпо бўлади. Фақат қонуний никоҳгина эркак ва аёлни эр-хотин ҳамда улар ўртасида туғилган фарзандни қонуний никоҳда туғилган бола сифатида расмийлаштириш учун асос бўлади.
Оила кодексининг 206-моддасига асосан боланинг туғилганлигини қайд этиш учун бола туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий аҳволи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади. Боланинг туғилишини бир ойлик муддат ичида қайд этиш зарур. Чунки боланинг фуқароликка эга бўлиши ва унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи шаксиз далил бу боланинг туғилиш гувоҳномаси ҳисобланади. “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 7-моддасига асосан “Бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, иложи борича, ўз ота-онаси билан ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади”, деб кўрсатилган.
Бола қонуний никоҳда турган ота-онадан туғилганда унинг туғилишини расмийлаштириш ортиқча муаммолар келтириб чиқармайди. Лекин бу ижтимоий ҳаёт, унда ҳар хил муаммолар мавжуд. Бола қонуний никоҳда турмаган ота-онадан туғилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай вазиятда унинг туғилишини расмийлаштириш қуйидагича амалга оширилади:
Агар аёл қонуний никоҳда турмаган бўлса, шунингдек, отанинг болани тан олганлик ҳолати мавжуд бўлмаса, фарзандининг туғилганлик ҳолатини расмийлаштириш ёлғиз она тартибида расмийлаштирилади. Бунда тегишли ФҲДЁ бўлимига онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва ёзма аризаси тақдим этилади. Бундай ҳолларда болага фамилия онанинг фамилияси бўйича, боланинг ота исми онанинг оғзаки кўрсатмасига асосан, отанинг фамилияси ҳам онанинг фамилияси бўйича кўрсатилади, яъни Оила кодексига асосан боланинг туғилганлик ҳолати ёлғиз она сифатида расмийлаштирилган ҳолларда ҳам ота ҳақидаги маълумотлар очиқ қолдирилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Лекин шуни назарда тутиш керакки, бундай ҳолларда бола фақат она ва унинг қариндошларга нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлади. Отага нисбатан боланинг ҳеч қандай ҳуқуқлари мавжуд бўлмайди.
Лекин бола қонуний никоҳда турмаган ота-онадан туғилган ҳолларда боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса боланинг отаси ва онанинг биргаликдаги аризаси бўйича ёзилади. Яъни оталикни белгилаш ҳақидаги аризага асосан ота ҳақидаги маълумотлар ёзилиши қонунда кўзда тутилган. Оталикни белгилашда бола манфаатлари инобатга олинган ҳолда, эрнинг қонуний никоҳдаги хотинининг розилиги талаб этилмайди. Оталикни белгилаш ҳолларида оталик белгиланган бола қонуний никоҳда туғилган бола билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Мерос ва мулк ҳуқуқларида оталик белгиланган болалар билан қонуний никоҳда туғилган болаларнинг ҳуқуқлари тенгдир. Оталикни белгилашни — бу бола манфаатлари учун, шунингдек, боланинг онаси сифатида аёл манфаатларини ҳам ҳимоя қиладиган механизм сифатида тушуниш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ота-оналар боланинг биринчи ҳуқуқий ҳужжати бўлган туғилиш гувоҳномасини ўз вақтида олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишлари ва бу фарзандининг келажагига қўйилган тамал тоши эканликларини билиши лозим.