Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган маърузасида Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор вазифаларидан бири сифатида баён этилган.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгиланган устовор вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида яъни, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, шунингдек ННТ томонидан уставда, ҳукумат қарорлари ва давлат дастурларида белгиланган вазифаларни ҳамкорликда бажарилишида тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2015 йил 4 июнда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.
Ушбу низомга асосан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан, шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари), шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан тадбирлар ўтказилишини, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ҳамда бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишини адлия органлари билан келишиш тартиби белгилаб берилди.
Хусусан, низомга асосан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ННТнинг уставига (низомига) мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, ННТнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурлари ва миллий режаларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда ННТ вакилининг иштирок этиши, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари елишиш талаб этилмайдиган тадбирлар ҳисобланиб, адлия органига тадбир ўтказилишидан камида беш кун олдин ёзма равишда хабар берилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, тадбир ёки тадбирлар режасини (рўйхатини) келишиш ҳақидаги мурожаатда ҳамда босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни келишиш учун тақдим этилган ёзма мурожаатда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар ва унга илова қилиниши керак бўлган ҳужжатлар тури аниқ белгилаб берилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан келишиш учун тақдим этилган тадбир ёки тадбирлар режаси, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар адлия органи томонидан ўн беш кун ичида кўриб чиқиш муддати белгиланди.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирни ўтказиш, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш тўғрисидаги мурожаатини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш жараёнида рад этиш асослари ҳам белгилаб қўйилди.
Жумладан, тадбир, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса, низомда назарда тутилган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаган бўлса, ҳужжатлар (маълумотлар) низомда белгиланган муддатларда тақдим қилинмаган бўлса, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларда (маълумотларда) нотўғри ахборот келтирилганлиги аниқланса розилик бериш рад этилади.
Албатта давлат органлари ва бизнес – тузилмаларнинг ижтимоий ҳамкори бўлмиш нодавлат нотижорат ташкилотлар тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятнинг барқарор ривожланиши кафолатларидан биридир.