16

Ислоҳот одимлари


Президентимиз раҳнамолигида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида адлия идоралари фаолияти замон талабларига мувофиқ такомиллашди. Бу фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган юридик хизматлар сифати ва самарадорлиги ошишига замин яратди.

Адлия органлари тизимидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда бюджет маблағлари ҳисобига адлия органлари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш қисқача айтганда, ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариат идораларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Йигит қизларни оилага тайёрлаш ва уларни никоҳдан ўтказиш маросимларини тантанали, бир умр эсда қоладиган тарзда ташкил этиш борасида Андижон вилоятида замонавий ФҲДЁ ва “Бахт уйи”ларининг қурилиб фойдаланишга топширилаётганлиги аҳолига юридик хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Маълумки, ижтимоий муносабатлар шароитида бир шахс ҳуқуқларини иккинчи шахс ҳуқуқларидан фарқлаш, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ифодалаш, унинг туғилиши, ўлими, шунингдек, муайян ёшга етганда никоҳини тузиш ёки никоҳдан ажралиш каби фактларни тегишли тарзда расмийлаштириш давлат ва жамият бошқарувида муҳим омил саналади.

ФҲДЁ органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

ФҲДЁ органларининг фаолияти қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилишини ва уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни сир тутиш тамойилларига асосланади.

ФҲДЁ органлари фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг ҳисобини юритади, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ва бошқа ҳужжатларни белгиланган муддатда сақлайди, фуқароларга фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд қилинганлиги ҳақида гувоҳномалар, зарур ҳолларда такрорий гувоҳномалар, далолатнома ёзувларидан нусхалар ва маълумотномалар беради, фуқароларнинг аризалари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа манфаатдор органларнинг ёзма сўровномаларига кўра далолатнома ёзувларидан нусхалар ёки улардан кўчирмалар ва маълумотномалар беради,фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг электрон маълумотлар базасини юритади, шунингдек, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари юзасидан ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради.

ФҲДЁ органлари туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим каби фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этади.

Бундан ташқари, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклаш, бекор қилиш, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари)нинг ўлимни қайд этишдаги ишини назорат қилган ҳолда уларга амалий ёрдам кўрсатиш гербли гувоҳномаларнинг талаб даражада сақланиши ва сарфланиши чораларини кўриш, фуқароларнинг хоҳишига кўра никоҳни ва туғилганликни тантанали равишда қайд этиш, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ва бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Фу­қаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари»да фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг ҳуқуқий аҳамияти белгиланган. Унга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг аҳамияти шундаки, дало­латномага асосланиб, ФҲДЁ органи томонидан бе­рилган гувоҳнома унда кўр­сатилган фактнинг тўғри­лигини тасдиқловчи шаксиз далил ҳисобланади. Чунончи, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома боланинг туғилганини, унинг ота-онаси ким эканини тасдиқловчи, никоҳ қайд этилгани ҳақида гувоҳнома никоҳдан ўтган шахсларнинг эр-хотинлигини тасдиқловчи ва улар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келганини ифодаловчи ҳужжатдир.

Кейинги йилларда ФҲДЁ органлари фаолиятини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари, Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларнинг қабул қилиниши, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низом ҳамда “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши, ФҲДЁ органлари масъул ходимларига махсус унвонлар, яъни мартаба даражаларининг берилиши соҳага бўлган эътиборнинг ёрқин намунаси, дея эътироф этиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, ФҲДЁ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Зеро, ҳар бир шахс малакали ҳуқуқий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу тамойилни тўла-тўкис амалга ошириш фаолиятимизнинг бош мезонига айланган. Бу эса ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шартидир.