21

Шартномадаги шарт бажарилмаса...


АНДИЖОН ВИЛОЯТ адлия бошқармасига жорий йилнинг март ойида Марҳамат туманидаги “Иноятхоним орзуси” фермер хўжалиги раҳбари А.Абдуқулов “Ўқчи” пахта тозалаш заводидан 2014 йил ҳосили учун 90 фоизлик тўловлар амалга оширилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ўтказилиб, вилоят хўжалик судига фермер хўжалик манфаатини кўзлаб 28.000.000 сўм асосий қарз ва 10.310.000 сўм пеня ундириш учун даъво ариза киритилди ва суднинг ҳал қилув қарорига асосан 28.000.000 сўм асосий қарз ва 5.000.000 сўм пеня ундириш белгиланди.

Шунингдек, бошқарма томонидан Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Фарҳод Ишонч Грант” МЧЖ раҳбари У.Деҳқонбоевнинг ХАТБ “Инфинбанк” Андижон вилоят филиали ходимлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилиб, бошқарманинг аралашуви билан банк ва мижоз ўртасида расмийлаштирилган банк ҳисобварағи шартномаси шартларидан келиб чиқиб, банк муассасасидан 10 миллион сўм пул маблағи тадбиркор фойдасига ундириб берилди.

Бундан ташқари, бошқарманинг “Ишонч телефони”га жорий йилнинг 11 мартида Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро Д.Акбарова Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булоқбоши туман бўлими ходимларининг ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ушбу мурожаатни ўрганиш натижалари юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича вилоят Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига киритилган тақдимномага кўра, жамғарманинг Булоқбоши туман бўлими бошлиғи Н.Исмоилов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, пенсия ва нафақалар тўлови мутахассиси А.Мўминовга ўртача ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида интизомий жарима жазоси қўлланилди. Фуқаро Д.Акбарованинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 741.029 сўм миқдоридаги тўланмай қолган нафақа пули ундириб берилишига эришилди.

Адлия органларининг муҳим вазифаларидан яна бири кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишларига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдир. Албатта, бу соҳада ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Хўжаобод туман ДСЭНМ томонидан тумандаги “Отабек” хусусий дорихонасида 2013 йил 24 апрелда тасдиқланган режа жадвалга асосан текшириш ўтказилган бўлиб, режали текшириш далолатномасида назорат тартибида қайта текшириш ўтказилиши кўрсатилмаган бўлса-да, тадбиркорлик субъектига туман ДСЭНМ бош врачининг буйруғига асосан назорат тартибида қайта текшириш ўтказилган. Бу билан ДСЭНМ ходимлари томонидан текшириш тартиблари бузилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан тақдимномалар киритилиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказган ходимларга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, Қўрғонтепа туман ДСЭНМ масъул ходими Ф.Қодирова томонидан “Бизнес Капитал” хусусий фирмасида ўтказилган ноқонуний текшириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2412-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ЖИБ Қўрғонтепа туман судининг 2015 йил 27 мартдаги қарорига асосан Ф.Қодировага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда қонун устуворлигининг таъминланиши ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу эса суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар самарасини белгиловчи муҳим мезондир.

Хайрулло САБИРОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари