Қизларимизни эрта турмушга узатиб, йигитларимизни эрта уйлантириш оқибатида ёшларни ҳаётнинг сўқмоқларида қийналиб қолишлари, ёш йигитларнинг оилани бошқара олмасликлари, қизларимизнинг болаликларига бориб, ўзга хонадон сир-асрорларини англашга қийналиб қолиши, бир-бирларини тушунмасликлари натижасида оилаларнинг барбод бўлишига, нуқсонли фарзандлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда Оила кодексининг 15- моддасига асосан никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланган. Бу ёшда йигит ва қиз жисмоний жиҳатдан ҳам оила қуришга тайёр бўладилар. Бу бир қарашда меъёрий ҳолат. Бироқ, бу ёшдаги йигит ва қиз оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, ҳаётий, оилавий маъсулият жиддий масала эканлигини ҳисобга олган ҳолда қизларга 20-21 ёшдан, йигитларга 23-24 ёшдан турмуш қуриш мақбул ҳисобланади. Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлоднинг дунёга келиши –қизларимизнинг неча ёшдан турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқ.
Эрта она бўлиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки 15-16 ёш ҳали ўсмирлик даври саналиб, бу вақтда қизлар руҳан ҳамда жисмонан тўлиқ ривожланмаган, шахс сифатида тўлиқ шаклланмаганлиги туфайли организм ҳомиладорлик, туғруқ ва соғлом фарзандни дунёга келтиришига тўлалигича етилмаган бўлади. Натижада эрта фарзанд кўриш ёш она ва ундан туғилажак бола саломатлигига ҳам маълум даражада ҳавф туғдиради. Ҳомила тушиш ҳавфи, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, туғруқ фаолиятини сустлашиши, ҳомиланинг нимжон ривожланиши, турли тизим ва аъзолар шаклланишида камчилик ва нуқсонларнинг учраб туриши, эрта ва нисбатан кам вазнда туғилиш кўпроқ уларда учрайди .Она ва бола ўлими кўрсаткичи ҳам бошқа ёшдагиларга нисбатан эрта турмуш қурган аёлларда кўпроқ кузатилади.
Оила мустаҳкамлиги ёшларнинг билим ва маданиятига ҳам боғлиқ. Шунинг учун оилада тиббий маданиятни ошириш, эрта ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш бўйича ташкилий, маърифий тарғибот ишларини кучайтирмоқ лозим.
Кўпни кўрган кексаларимиз бот-бот таъкидлайдиган бир нақл бор: “Иморат мустаҳкам бўлишини истасанг, пойдеворини пишиқ сол!”. Дарҳақиқат, бизнинг асосий мақсадимиз-мустаҳкам оилалар барпо этиш ва етук фарзандлар тарбиялаш. Шундай экан, оила деб аталмиш қўрғоннинг бўлажак бунёдкорлари – йигит-қизларимизнинг унга ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозимлигини унутмайлик.
Ўз фарзандининг эртасини мустаҳкам оилада кўришни истаган, унинг бахту-саодати учун маъсулиятни чуқур ҳис қилган ота-она булардан тўғри хулоса чиқариб иш юритишлари керак.
Г.Мусаева, Избоскан туман ФҲДЁ бўлими мудираси