Тадбиркор – қонун ҳимоясида


Тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрнига

устувор аҳамият берилиб, унинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш

мақсадида бир қатор қонун, фармон, қарор ва бошқа меъёрий

ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида фуқароларимиз

ўз қобилияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик

билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бу соҳа фаолиятини рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бугунги кунда вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш, муҳими, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш ва бунинг ҳуқуқий заминини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Хусусан, муҳтарам юртбошимиз томонидан 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши муносабати билан тадбиркорларимизга нисбатан янада кўпроқ имкониятлар ва кенг имтиёзлар яратилди.

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармойишларни жойларда ижросини таъминлаш, уларни бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш мақсадида адлия бошқармасининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам бериш уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишларни олдини олиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган мансабдор шахсларга қатъий чоралар кўришда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2011 йил давомида бошқарманинг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига тадбиркорлик субъектларидан 137 та ариза ва шикоятлар келиб тушди. Уларнинг барчаси кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тикланди, уларни қизиқтирган турли масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Хусусан, Шаҳрихон туманида жойлашган “Шаҳрихон сихатгоҳ” хусусий корхонаси раҳбари мурожаат қилиб, унга кўра корхона томонидан сотиб олинган мулкларни туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан асоссиз равишда рўйхатдан ўтказмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат бўйича ўтказилган ўрганиш натижасида “Шаҳрихон сихатгоҳ” хусусий корхонаси томонидан тумандаги “Саломатлик-Р” МЧЖга тегишли бўлган “Шаҳрихон шўъба сихатгох корхонаси”ни сотиб олганлиги ва белгиланган тартибда олди-сотди шартномалар расмийлаштирилганлиги, лекин туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати томонидан мулкларни рўйхатдан ўтказмаётганлиги маълум бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда аризада кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топиб, корхона манфаатини кўзлаб хўжалик судига даъво ариза киритилди. Суд мазкур даъвони қаноатлантириб, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматига “Шаҳрихон сихатгоҳ” хусусий корхонаси томонидан сотиб олинган мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклади.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларин учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилган. Шу куни ташриф буюрган тадбиркорлик субъектларининг муаммолари бошқарма ходимлари иштирокида муҳокама қилиниб, уларга амалий кўмак бериш тартиби жорий этилган. Хусусан, жорий йил давомида вилоятнинг туман(шаҳар)ларида 31 маротаба “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилди.

Тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув ҳамда улар фаолиятида ноқонуний текширишлар ўтказилишининг олдини олишда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг жорий қилинганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда вилоятда 23 мингдан зиёд тадбиркорлар ушбу китоб билан таъминланди.

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили ”Давлат дастури ижроси юзасидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил
19 март куни “Адлия органларида махсус “Ишонч телефони” ташкил этиш тўғрисида”ги 80-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида адлия бошқармасида тадбиркорлик субъектлари учун телефон алоқасининг 008 рақамли махсус линияси – кўп каналли “Ишонч телефони” ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида “Ишонч телефони”га тадбиркорлардан 37 та мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчаси кўриб чиқилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тикланди, уларни қизиқтирган турли масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1112-сонли Қарорининг мазмун моҳиятини кенг тарғиб қилиш ва берилган имтиёзларни тадбиркорларга ҳамда тегишли идораларга тушунтириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режасига асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг барча туман(шаҳар)ларида семинарлар ўтказилиб, тушунтиришлар берилди.

Лекин шунга қарамай, Қўрғонтепа туманида фаолият кўрсатувчи “Ҳамдам дехқон”, “Турсуной ер саҳовати”, “Келажак садоқати”, фермер хўжаликлари ва “Андижон электр савдо” МЧЖда ҳисоб рақам очишда энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравардан тўлов ундирилган. Бироқ, юқоридаги қарор талаблари бузилган ҳолда тадбиркорлардан 83 378 сўм ортиқча тўлов ундирилган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят адлия бошқармаси томонидан ОАТБ “Агробанк” вилоят филиалига тақдимнома киритилди ва тақдимномага асосан ортиқча ундирилган пул маблағлари тадбиркорларга қайтарилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш учун маъмурий сарф-ҳаражатларни камайтириш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишдаги бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартарф этиш ва улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини эмин-эркин юритишлари учун бошқарма томонидан вилоятнинг туман(шаҳар)ларида мунтазам равишда ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.

Ўтказилган ўрганишлар давомида жами 1498 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳолатлар бўйича 151 та тақдимнома киритилди. Натижада 163 нафар ходим интизомий, 7 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, 18 нафар мансабдор шахсга нисбатан суд тартибида маъмурий жарима қўлланилди.

Тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича бўлим томонидан 151 та тақдимнома, 1 911 523 646 сўмлик 157 та даъво аризалар киритилди.

Жумладан, Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи Андижон дунёси” хусусий фирмаси раҳбари Балиқчи тумани “Чинобод” пахта тозалаш АЖ томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажармаётганлигидан норози бўлиб, мурожаат этган. Мурожаат асосида ўтказилган ўрганишда Андижон дунёси” хусусий фирмаси шартнома талаблари асосида эҳтиёт қисмлар етказиб берилган бўлсада, “Чинобод” пахта тозалаш АЖ томонидан тўланиши керак бўлган 321 000 000 сўм қарздорлик тўланмаганлиги аниқланиб, вилоят Хўжалик судига даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан тўланиши керак бўлган пул маблағларини ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ижтимойи-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим касб этаётир. Бу эса, иқтисодий ислоҳотлар самарасини белгиловчи мезондир. Тадбиркорликни ривожлантириш ҳамма давлатларда ҳам жамият равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳамда барқарор иқтисодиётни яратишга хизмат қилади.

Фарход Ашматов

Андижон вилоят адлия бошқармаси

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи

“Инсон ва қонун” газетасининг 2012 йил 20 мартдаги махсус сонида чоп этилди