Маълумки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг кўп босқичли фаолияти 2014 йил 14 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бир қатор қонунлар, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, идоравий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинарди. Бу амалиётда ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини қўллашда қийинчилик туғдираётган эди, айрим ҳолларда уларнинг ҳар хил талқин қилинишига сабаб бўлаётганди. Қонуннинг қабул қилиниши эса бундай чалкашликларни бартараф этиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасини янада такомиллаштиришга, қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада мустаҳкамлашга асос яратди.
Аввало, қонунда ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикаси каби турларини қамраб олувчи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг чоралари белгилаб берилган.
Бунда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, аҳоли ўртасидаги ҳуқуқий тарғиботга, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этишга доир дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича чоралар тизими ҳуқуқбузарликлар умумий профилактикаси сифатида белгиланган.
Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси этиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларга нисбатан махсус чораларни кўришни назарда тутувчи алоҳида турдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган фаолият қайд этилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси сифатида ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил бўлган ва содир этган шахсларга нисбатан тарбиявий таъсир чоралари мустаҳкамлаб қўйилган.
Ниҳоят, қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг бир тури сифатида жиноятлардан жабр кўриши мумкин бўлган ва амалда жабр кўрган шахсларга керакли ёрдам кўрсатиш, уларни ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқбузарликлар виктимологик профилактикаси қамраб олинган.
Қонундаги санаб ўтилган янгиликлар, шубҳасиз, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарали фаолият кўрсатишида, қолаверса, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартлари сифатида фуқароларимизни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ижобий таъсир кўрсатади.
Айтиб ўтиш жоизки, мазкур Қонуннинг 13-моддаси адлия органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатларига бағишланган бўлиб, мазкур модда орқали Адлия вазирлигининг ҳуқуқбузарлик профилактикасида тутган ўрни намоён бўлади. Ушбу модданинг мазмунига кўра адлия органлари:
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этади;
— аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятни амалга оширади ҳамда мувофиқлаштириб боради;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;
— ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ўз Низомига мувофиқ доимий равишда жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни амалга ошириш ишларини олиб боради.
Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги ҳуқуқбузарликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этишга йўналтирилган ваколатларга эга бўлиб, мазкур йўналишда доимий фаолият юритиб келмоқда.
Х.Сабиров, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари