22

Шартнома мажбурияти бажарилиши шарт


Фермерчилик ташкил қилинган дастлабки йилларда маҳсулотларни хомашё сифатида етиштирган бўлса, эндиликда уни қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига фаолиятини кенгайтириб бормоқдалар. Бу борадаги ишларни ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, фермерларни кўп тармоқли тадбиркорга айлантиришни замоннинг ўзи талаб этмоқда.

Мазкур жараёнда фермер хўжаликлари ўртасидаги муносабатларда шартнома муҳим ўрин эгаллайди. Шартномавий муносабат натижаси шартноманинг қандай тузилгани ёки расмийлаштирилганига боғлиқ. Шартнома тарафларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида фойда кўришга бўлган розилигини ифода этувчи ҳужжатдир.

Шартномавий муносабатлар назоратида адлия органлари зиммасига алоҳида масъулият юкланган.

Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида фермер хўжаликлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш, хизмат кўрсатиш бўйича жами 25.930 та шартнома тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Ўрганиш жараёнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 6.587 та ҳолатда шартномаларнинг тузилиши бўйича, 1.642 та ҳолатда шартномаларнинг бажарилиши бўйича камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар бўйича судларга 313 та 2 миллиард 906 миллион 482 минг сўмлик даъво аризалари, камчиликларни бартараф этиш юзасидан 48 та тақдимнома ҳамда келгусида камчиликларга йўл қўймаслик юзасидан 100 та огоҳнома киритилди.

Даъво аризанинг аксарияти судлар томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Камчиликларга йўл қўйган масъул мансабдор шахсларнинг 65 нафарига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиб, шундан 8 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Жумладан, “Қишлоқхўжаликкимё” ҲАЖ Хўжаобод туман филиалида шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари ижроси ўрганилганида, корхона билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган шартномаларни расмийлаштиришда ва ижро этишда қонунбузилишлар аниқланганлиги сабабли бошқарма томонидан тақдимнома киритилди.

Мазкур тақдимнома акциядорлик жамиятида муҳокама қилиниб, жамият раҳбарининг буйруғига асосан “Қишлоқхўжаликкимё” ҲАЖ Хўжаобод туман филиали мудири лавозимдан озод этилди.

2015 йил пахта ҳосили учун фермер хўжаликлари билан Андижон туманидаги “Андижон-1” пахта тозалаш АЖ ўртасида тузилган шартнома таҳлил қилинганида шартномада кўрсатилмаган пахта уруғларини бериш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Пахтаобод туман ҳокимининг 2015 йил 16 мартдаги 97-қ-сон қарори билан “Мистер Мур” фермер хўжалигининг 13,4 гектар ер майдонига “Наманган-77” уруғ нави экилиши кўрсатилган бўлса-да, пахта тозалаш АЖ томонидан хўжаликка “Андижон-36” уруғ нави берилган. Бу эса мазкур фермер хўжалиги ҳамда Пахтаобод туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассиси томонидан берилган маълумотномаларда тасдиқланган.

Мазкур ҳолат бўйича бош­қарма томонидан тегишли чора кўриш учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаштириш ва сифатини назорат қилиш Давлат марказига таклиф киритилди.

Натижада марказ раҳбарининг экин навларини жойлаштириш тартибини бузганлиги учун Пахтаобод туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосарига нисбатан МЖтКнинг 1041-моддаси асосида маъмурий жарима белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима қўлланилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш адлия органларининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.

Ф.Ашматов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими