Мустақиллик йилларида «Ободлик кўнгилдан бошланади» деган чуқур мазмунли ибора халқимиз ўртасида кенг оммалашиб, одамларимиз бунёдкорлик ва ижодкорлик нафаси билан яшашга одатланди.
Бугун мамлакатимизнинг қай гўшасига, қай манзилига борманг, Ватанни янада обод этиш истагида яшаётган юртдошларимизнинг эзгу ишларига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ўзбекистонимизнинг бугунги жамоли, кўрки кишини ҳайратга соладиган даражада ўзгариб, гўзаллашиб ва ободонлашиб бормоқда. Ғайрат-шижоатли, тадбиркор ва бунёдкор халқимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида улкан муваффақиятларни қўлга киритишмоқда.
Истиқлол шарофати билан давлатимизнинг асосий эътибори инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, фуқароларга муносиб ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилди. Шунингдек, фуқаролик жамиятининг негизи бўлмиш оила институтларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол инсон қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
2013 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан «Обод турмуш йили» деб номланиши ўз мазмун-моҳиятига кўра, инсонпарварлик тамойилларини ўз ичига олган юксак эзгу мақсаднинг мантиқий давомидир.
Бу йилимиз “Обод турмуш йили” деб номланиши ҳам бежиз эмас, биринчи навбатда, халқимизнинг ҳаёти, турмуши, кундалик рўзғорини обод қилишга қаратилган эътибор, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари бу борада мамлакат миқёсида қилинадиган ишлар кўламини, жумладан, тинчлик-осойишталикни, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек сақлаш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, маҳаллалар ободлиги, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш борасида олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Обод ҳаёт деган тушунча азал-азалдан халқимиз онгу тафаккурида авваламбор фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака, маъносини ўзида мужассам этиб келади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда халқ фаровонлиги тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган, биз учун энг азиз ва муқаддас қадриятлар билан бирга миллий ғоямизнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этмоқда.
Президентимизнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларга бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаларидан келиб чиққан ҳолда адлия органлари ва муассасалари олдида турган муҳим устувор вазифалари, қонун ижодкорлиги, вазирлик ва идораларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятига услубий ёрдам кўрсатиш, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ишларини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш, ҳуқуқий таълим сифати, ижро интизоми бўйича масъулият ва шахсий ташаббускорликни ошириш, юридик хизмат соҳасида қонунийликни таъминлашдан иборат бир қанча вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.