Мустақилликка эришганимиздан сўнг барча соҳалар каби хусусий мулкчиликни ривожлантириш, мулкка эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш хусусан тадбиркорликни ривожлантиришга оид кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан сўнги йилларда тадбиркорлик фаолиятини, уларнинг манфаатларини, ҳуқуқий ҳимоясини тўла таъминлайдиган, кафолатлайдиган бир қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.
Юқоридагиларга биргина мисол, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомда республикамиздаги кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, бу соҳада бюрократик тўсиқ ва ғовларни яратишга йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий қиладиган қоида ва нормаларни, тадбиркорлик субъектларида асоссиз ҳаражатларни вужудга келтирувчи қоидаларни аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш, назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни таъминлаш ва бу соҳада текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли ва тўлдириш тартибини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида унинг тарқатилишини таъминлаш ва уни тўлдириш тартибига риоя қилинаётганлиги бўйича мониторинг амалга ошириш Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига зиммасига юклатилган.
Мазкур қарордан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2011 йил 7 ноябрдаги 246-мҳ-сонли буйруғи асосида 2280-сон билан “ Текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли ва уни тўлдириш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги Низом рўйхатдан ўтказилди.
Ушбу Низом талабларини амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан бугунга келиб 23105 нафар тадбиркорлик субъектлари текширишларни рўйхатга олиш китоби билан таъминланди.
Мазкур китобларни назорат қилувчи органлар томонидан тўлдирилишини назорат қилиш мақсадида бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ишчи гуруҳ аъзолари туман (шаҳар)лар кесимида бириктирилди ва текширишларни рўйхатга олиш китобининг мониторинг қилиш вазифаси юклатилди. Ҳозирги кунда мазкур ишчи гуруҳ томонидан 2000 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг текширишларни рўйхатга олиш китоблари мониторинг қилинди.
Ўтказилган мониторинг натижасида 100 га яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича адлия бошқармаси томонидан 29 та тақдимнома ва 40 та ёзма кўрсатма киритилди. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 13 нафар масъул мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, 2 та ҳолатда рухсатсиз текшириш, 1 та ҳолатда эса рухсатсиз мониторинг ўтказилганлиги аниқланди.
Жумладан, Булоқбоши туманида ўтказилган мониторинг жараёнида туман молия бўлими ходими Э.Иминов томонидан 2009 йил 9 ноябрда тумандаги “Р.Режапов” хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасида нақд пул тушуми бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 апрелдаги “Нақд пул муомаласини такомиллаштириш ва банкдан ташқари айланмасини қисқартириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 57-сонли қарорнинг 6-бандига қўра бундай вазифани назорат қилиш солиқ идоралари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари зиммасига юклатилган. Бундан кўринадики, туман молия бўлими ходими томонидан рухсатсиз мониторинг ўтказилган.
Ҳолат бўйича, адлия бошқармаси томонидан 2011 йил 13 июнда киритилган тақдимномага асосан, мониторинг ўтказган ходим Э.Иминовга нисбатан молия бўлими раҳбарининг 2011 йил 20 июндаги 16-АФ-сонли буйруғига асосан “ҲАЙФСАН” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Яна бир мисол, Хўжаобод туманида фаолият олиб бораётган тадбиркор М.Абдумутталлипов томонидан юритилаётган текширишларни рўйхатга олиш китоби мониторинг қилинганида туман Давлат санитария ва эпидемология назорат маркази ходими Г.Ваҳҳобова томонидан текшириш ўтказилган бўлиб, текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби бузилганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан адлия бошқармаси томонидан 2011 йил 13 декабрда киритилган тақдимнома натижасида текширишда иштирок этган ходим Г.Ваҳҳобовага “Ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима” интизомий жазо чораси қўлланилди ҳамда вилоят Давлат санитария ва эпидемология назорат маркази Бош шифокорининг 2012 йил 9 январдаги 2-сонли буйруғи билан текширишлардан четлатилди.
Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қуватланаётгани ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим касб этаётир. Бу эса, иқтисодий ислоҳотлар самарасини белгиловчи мезондир. Тадбиркорликни ривожлантириш ҳамма давлатларда ҳам жамият равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳамда барқарор иқтисодиётни яратишга хизмат қилади.
Шоядбек Джураев
Андижон вилоят адлия бошқармаси
Тадбиркорлар ҳуқуқларини химоя қилиш бўлими
бош маслаҳатчиси
«Инсон ва қонун» газетасининг 2012 йил 20 мартдаги махсус сонида чоп этилган