20

Холисона ёндашувишимиз бош мезони


"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунда белгиланган тартиб-қоидага кўра, адлия органлари томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Андижон вилоят адлия бошқармасига фуқаролардан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид 124 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 33 таси асосли, деб топилиб, қаноатлантирилган, 34 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 55 таси тегишлилигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, бошқармамизга Асака туманида яшовчи фуқаро М.Соатов ва бошқалар Қишлоқ қурилиш инвест ИШИК Андижон филиали ҳамда "Жаҳон бунёдкор қурувчи" МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мурожаатда намунали уй-жойни ўрганиш кунига қадар қурилиш ишлари охирига етказилмаганлиги билдирилган. Ўрганиш натижасида вилоят прокуратурасига мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан таклиф киритилди. "Жаҳон бунёдкор қурувчи" МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида бошқарманинг "Ишонч телефони" орқали 22 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 18 таси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди, шундан 1 таси рад этилиб, 3 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Масалан, бошқарманинг "Ишонч телефони"га Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро Ф.Маҳмудова тумандаги 11-мактабгача таълим муассасаси мансабдор шахслари ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилган. Ўрганишлар вилоят прокуратурасига айб­дор мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан таклиф киритилишини тақозо этди. Натижада Булоқбоши туман прокуратураси томонидан 11-мактабгача таълим муассасаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Умуман олганда, фуқароларнинг мурожаати асосида уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 41 та 200 миллион сўмлик даъво аризаси киритилди. Киритилган даъво аризалардан 40 таси қаноатлантирилиб, суд қарорига асосан 190 миллион сўмлик иш ҳақларини ундириш ва бошқа масалалар бўйича суд қарорлари қабул қилинди.

Н.Тўрахонов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими