Маълумки, тадбиркорлик фаолияти иқтисодиётимиз таянчларидан биридир. Шу боис тадбиркорлар фаолиятини ҳимоя қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади.
Андижон вилоят адлия бошқармасининг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига жорий йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларидан 85 та ариза ва шикоят келиб тушган бўлиб, 43 та мурожаатнинг ижроси қаноатлантирилган.
Ҳукумат порталига 33 та мурожаат тушган, 16 та мурожаат ижроси юзасидан бевосита жойига чиқилиб ўрганилган ва натижасига кўра, 12 та мурожаат ижроси қаноатлантирилган.
Масалан, вилоят адлия бошқармасига Избоскан туманида фаолият олиб бораётган “Жамшидбек Асадбек Орзуси” оилавий корхонаси раҳбари мурожаат қилиб, ТИФ “Миллийбанк” Избоскан туман филиали ходимлари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, ўрганиш натижаларига кўра, вилоят прокуратурасига масъул ходимлар хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш учун киритилган таклифга биноан тадбиркорга банк муассасасидан 1 миллион 818 минг сўм пул маблағи ундириб берилди.
Ҳозирда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тезкорлик билан аниқлаш, уларга ёрдам кўрсатишда адлия бошқармасининг “Ишонч телефони” ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Тадбиркорликка тўсиқ бўлаётган энг катта муаммолардан бири бу тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашув ҳисобланади. Бунинг олдини олиш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида адлия бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Адлия бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, кенг жамоатчиликка унинг мазмун ва моҳиятини етказиш мақсадида туманларда 10 дан зиёд семинар ўтказилди, тадбиркорларга ҳуқуқий кўмаклар берилди.
М.Ахматохунов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими