Айтиш керакки, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик
давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш
йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар
жараёнида жамиятнинг қуйи бўғини – оиланинг
ҳуқуқий асослари ҳам тобора мустаҳкамланмоқда.
Зеро, маънавий етук, жисмонан соғлом авлодни
тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёсдир.
Юртимизда мустақилликнинг ўтган даврида оилани ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Унинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш энг муҳим вазифа сифатида изчил руёбга чиқарилмоқда.
Ўзига хос миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга алоҳида “Оила” боби киритилди.
Мазкур бобда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар, ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизда ушбу конституциявий қоидани ҳаётга татбиқ эта бориб, ўтган давр мобайнида Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 га яқин қонун, Президентимизнинг 20 га яқин фармон, қарор ва фармойишлари, ҳуқуматнинг 70 дан ортиқ қарор ва фармойишлари қабул қилинди.
2010 йил 12 ноябрда Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келганлиги алоҳида таъкидланган эди. Шунингдек, мамлакатимизда бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга, хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келиши, бундай бизнесни ташкил қилишнинг қонунчилик базаси яратилса, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши, янги иш ўринларининг очилишига шароит туғилиши қайд этилганди.
Яқинда Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқуллангани бу борада муҳим қадам бўлди. Зеро, бу қонун мамлакатимизда оилалар фаровонлиги ва барқарорлигига, уларнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади.
Ушбу янги қонуннинг асосий мақсади – оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унга кўра, оилавий тадбиркорлик – оилавий корхона томонидан амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган ташаббускор фаолият эканлиги, оилавий тадбиркорлик ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланиши белгилаб қўйилди.
Оилавий корхонага кичик тадбиркорлик субъекти мақоми берилиши у тўлиқ фирма номига эга бўлиши, уларнинг иқтисодиётда тенг ҳуқуқ асосида эркин фаолият юритишига кенг йўл очади.
Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатларига қонунда кенг ўрин берилган. Ундаги меъёрларга кўра, давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилиши ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, давлат органлари уни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади. Шу билан бирга, оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкинлиги, фаолиятини амалга оширишида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг аралашувига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, оилавий корхонага солиқ солиш хусусиятлари, фаолиятини текширишларнинг чекланиши, коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланишини таъминлаш, банк хизмати кўрсатиш ва кредит беришнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонунда алоҳида моддаларда кўрсатиб ўтилган. Буларнинг барчаси жамиятимиз таянчи бўлган оилаларни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда жорий йилда оила билан боғлиқ қонунчиликни замон талабларига уйғун равишда такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилаётгани юртимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Иброхим ТУРҒУНОВ
Андижон вилоят адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари