Бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий маърифат соҳасидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш республикамизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, қонунларни тўғри қўллаш ҳамда ҳуқуқни тадбиқ этиш самарадорлигини ошириш ҳозирги давр талаби ҳисобланади.
Замонавий қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш учун уни туркумлаш, яъни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўп миқдордаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солинган бир тизимга келтириш талаб этилади. Туркумлаш ҳуқуқий нормаларнинг мазмунини тўғри талқин қилишга ва уни амалиётда тўғри қўлланилишида муҳим восита бўлиб хизмат қилиш билан бир қаторда кенг қамровдаги ҳуқуқ субъектларини керакли ҳуқуқий маълумотлар билан таъминлашнинг самарали усули ҳисобланади. Шу билан бир қаторда амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадига йўналтирилганлиги сабабли қонун ҳужжатларини туркумлаш норма ижодкорлиги фаолиятида ҳам муҳим рол ўйнайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир тизимга келтирилганлиги норма ижодкорлигини амалга ошираётган органларга қонунчиликда мавжуд бўлган “оқ доғлар” ва қарама-қаршиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш имконини беради. Шу йўсинда туркумлаш қонунчиликнинг барқарорлигини таъминлайди ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳар қандай ҳуқуқий ривожланган давлат учун долзарб бўлиб ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни туркумлаш масаласи бизнинг шароитда айниқса жуда муҳимдир.
Бир сўз билан айтганда, қонун ҳужжатларини туркумлашда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оралиғидаги зиддиятлар бартараф этилади, эскириб қолган ҳужжатлар ва нормалар ўзгартирилади ёки бекор қилинади ҳамда қонун ҳужжатларини туркумлаш ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, қонунчиликни эскирган ҳужжатлар ва ўзаро қарама-қарши нормалардан фойдаланишни енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам, қонун ҳужжатларини туркумлаш ишлари нафақат адлия органлари ва муассасалари, балки бошқа давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳам муҳим ўрин эгаллаши зарур.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Адлия вазирлигининг муҳим вазифалари этиб – Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш ва қонун ҳужжатларини туркумлаштириш ишларини олиб бориш белгиланган.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида вазирлик томонидан бир қатор номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Хусусан, 2012 йил 14 февралда Адлия вазирининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи имзоланди.
Ушбу Қоидаларда барча вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш тартиби белгиланган.
Маълумки, ислоҳотлар даврида ижтимоий муносабатларни тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда ҳамда ислоҳотлар талабига жавоб бермайдиган ҳужжатлар бекор қилинмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаётган тегишли давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда уларнинг бекор қилиниши тўғрисида аниқ ҳамда тўлиқ маълумотга эга бўлишлари шарт.
Шуни таъкидлаш жоизки, илгари қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш тушунчаси ўз ичига Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг Умумҳуқуқий классификатори асосида кодлар беришни ҳам қамраб олган эди. Қоидаларни тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқнинг 2-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг Умумҳуқуқий классификатори асосида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кодлар бериш ҳамда қонун ҳужжатларини ҳисобга олиш ва туркумлаш картотекасини юритиш эндиликда фақат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Адлия бошқармаси томонидан жорий йил мобайнида Андижон вилоят ҳокимлиги Ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш ишларининг аҳволи ўрганилганда, амалга оширилган ишлар билан бир қаторда кўплаб жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мисол тариқасида вилоят ҳокимлиги Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасини оладиган бўлсак, Қоидаларнинг 1-бандига мувофиқ қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш мақсадида келиб тушган қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрлари тўғрисидаги маълумотлар Қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларини ҳисобга олиш журналига киритилиши назарда тутилган бўлсада, бошқармада Қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларини ҳисобга олиш журналининг ўзи мавжуд эмаслиги аниқланди.
Бундан ташқари, расмий даврий нашрларнинг айрим сонлари умуман мавжуд эмас. Шунингдек,Қоидаларнинг 17-бандига мувофиқ расмий нашрлар юридик хизмат ходими томонидан сақланиши ҳамда мазкур ходим моддий жавобгар шахс ҳисобланиши, у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилиши белгиланган бўлсада, расмий нашрлар ушбу вазирлик кутубхонаси масъул ходимлари томонидан сақланиб келинган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қонун ҳужжатларини туркумлаш ва назорат ҳолатини таъминлаш ишларида сусткашликка йўл қўйилиши барча давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тўғри ва аниқ амалга оширилишини таъминлашга тўсқинлик қилиши мумкин. Бу эса ҳужжатларнинг амалда бажарилишини қийинлаштиради, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигининг пасайишига олиб келади.