Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлашга ҳамда жисмонан ва руҳан соғлом авлодни тарбиялашга катта эьтибор берилмоқда. Ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда оилавий муносабатларга оид ахлоқий нормалар ҳуқуқий нормалар билан узвий боғлиқ равишда амалга оширилади. Ҳуқуқий нормаларнинг муайян муносабатларга тадбиқ қилиниши, умуминсоний ахлоқ қоидаларининг амалга оширишни таьминласа, аҳлоқий нормалар эса, ўз навбатида қонунларни бузмасдан тўғри амалга ошириш, қонун талабларига оғишмай риоя этиш учун зарур ҳиссиётларни туғдиради. Адолат ва тенглик қарор топган демократик жамиятда оилавий муносабатлар юксак мухаббат, дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат-иззат тамойиллари асосида тузилиши муқаррар.
Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишдан асосий мақсад оиланинг мустаҳкам бўлишидан, оилавий муносабатларни ўзаро мухаббат, ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик замирида барча аьзоларнинг маъсуллик ҳисси асосида қуришдан иборат. Ушбу мақсад оилавий муносабатларни тартибга солувчи барча қонун хужжатларнинг ғояси хисобланади. Ушбу ғоя оила кодексининг барча институтлари никоҳ тузиш ва уни бекор қилиш, эр-хотиннинг, ота-она ва болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган қоидалар хусусиятини белгиловчи меьзон ҳисобланади.
Оила қонунчилигининг муҳим мақсад ва вазифаларидан бири - бу ҳар бир шахснинг оиласи олдидаги ўз маьсулиятини ҳис қилиш руҳида тарбиялашдан иборат. Бу вазифа ва мақсадни амалга оширишда бошқа фактлар билан бирга, эр ва хотин, ота-оналар билан болалар ҳамда бошқа қариндош-уруғлар ўртасидаги қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ва уларни бекаму-кўст бажариши муҳим ўрин эгаллайди.
Оилада ота-оналарнинг болаларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, умуминсоний ғоялар ҳамда конституция ва қонунларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳуқуқий нормалар ёш авлодни меҳнатга тўғри муносабатда бўлиш, давлат ва жамият олдидаги ўз бурчларини тўғри тушуниш ва уларга оғишмай риоя қилишларида муҳим рол ўйнайди.
Оилавий муносабатлар таркиби шундай ҳусусиятга эгаки, уларни мутлоқ ҳуқуқий тартибга солиб бўлмайди. Улар асосан шахсий ишончга асосланади. Шундай экан, бундай муносабатлар биринчи галда, қонун эмас балки ахлоқ қоидалари билан тарибга солинади.
Масалан, оиладаги ўзаро ҳурмат, бир-бирига ёрдам бериш каби кўплаб масалалар қонунда назарда тутилган бўлсада, лекин улар аҳлоқ қоидалари асосида ҳам амалга оширилиши мумкин.
Болаларни вояга етгунга қадар тарбиялаш бўйича ота-оналарнинг мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида кўрсатилган. Унга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.