Адлия органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида тизимли равишда назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатлари холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, ўтган ҳисобот даврида Андижон вилоят адлия бошқармасига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид 158 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 44 таси асосли деб топилиб, қаноатлантирилган, 50 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган ҳамда 62 таси тегишлилигига кўра, бошқа идора ва ташкилотларга юборилди.
Ўрганиш натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида қонунбузилишларнинг олдини олиш юзасидан 12 та тақдимнома, мансабдор шахслар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан прокуратура идораларига 10 та таклиф, судларга 7 та 25.569.000 сўмлик даъво аризаси киритилди. Таъсир чоралари натижасида фуқаролар Ф.Абдусаломовга 900.000 сўм иш ҳақи, А.Абдураҳимовга 36.435.203 сўмтовон пули, У.Отажоновга 1.583.718 сўм пенсия пули, 3 нафар фуқарога 3.217.718 сўм нафақа ундириб берилган. Қолаверса, 2 нафар фуқаро ишга тикланиб, 2 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Масалан, Хонобод шаҳрида яшовчи О.Хўжаевни тиббиёт бирлашмаси томонидан ноқонуний равишда ишдан бўшатганидан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганиб чиқилган. Аризада келтирилган важлар асосли эканлиги аниқлангач, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасига фуқаро О.Хўжаевни лавозимига тиклаб, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чора кўриш тўғрисида таклиф киритилди. Натижада Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жаримага тортилди ҳамда фуқаро О.Хўжаев ишига тикланди.
Шунингдек, ҳисобот даврида бошқарманинг “Ишонч телефони” орқали 27 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 23 таси тўлиқ қаноатлантирилиб, шундан 1 таси рад этилиб, 3 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ушбу мурожаатлар ўз вақтида ўрганиларкан, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан 8 та тақдимнома, прокуратура идораларига мансабдор шахслар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан 9 та таклиф, судларга 34 та 176.123.000 сўмлик даъво аризалари киритилди. Таъсир чоралар натижасида 34 нафар фуқарога 176.123.000 сўм ойлик иш ҳақлари ва мансабдор шахсдан 750.000 сўм ундирилиб, 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга ошираётган ишлардан кўзланган мақсад қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклашдан иборатдир.