Бугунги кунда адлия идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фермер хўжаликларига шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда ёрдам кўрсатиш борасида ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, “Ишонч телефонлари” орқали Андижон вилоят адлия бошқармасига тадбиркорлик субъектлари томонидан 2015 йил давомида 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 68 фоизи қаноатлантирилди. Қолган 22 фоизига тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликлар бўйича тушунтиришлар берилган.
Масалан, бошқарма “Ишонч телефони”га 2015 йилнинг ноябрь ойида “Санитар тозалов Автотранспорт корхонаси” МЧЖ раҳбарининг Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан ер майдони бириктириб бериш юзасидан қарор чиқариб берилмаётганлиги юзасидан мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаат бўйича бошқарма аралашувидан сўнг шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди. “Санитар тозалов Автотранспорт корхонаси” МЧЖга тегишли 6806,03 кв.метр ер майдони доимий фойдаланиш учун бириктириб берилди.
Шу билан бирга, келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан киритилган таъсир чораларига асосан 281 нафар мансабдор шахсга интизомий,
31 нафарига эгаллаб турган лавозимидан озод этиш, 33 нафар мансабдор шахсга нисбатан эса маъмурий жазо чоралари қўлланилган бўлса, 9 миллиард сўмлик 1013 та даъво ариза қаноатлантирилди.
Шунингдек, Избоскан туманидаги “Абдурахмонов Абдуолимбек орзуси” фермер хўжалиги раҳбарининг тумандаги “Пойтуғ” пахта тозалаш акциядорлик жамияти томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб “Пойтуғ” пахта тозалаш акциядорлик жамиятидан 73.476.768 сўм асосий ва 36.738.384 сўм пеня ундириш бўйича вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан фермер хўжалиги фойдасига 73.476.768 сўм асосий ва 20.000.000 сўм пеня ундириш белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар самарасини белгиловчи мезондир.
Х.Сабиров, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари