Хусусан, бошқарма ходимлари томонидан кўриб чиқилган пилла харид қилиш бўйича контрактация шартномаларида жами 689 та ҳолатда қонунбузилишга йўл қўйилган.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармасига ҳисобот даврида шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 31 та ариза ва шикоятлар келиб тушди. Уларнинг 28 таси кўриб чиқилди, шундан 11 таси қаноатлантирилган бўлса, 17 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мазкур аризаларни кўриб чиқишда асосан шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки кеч бажариш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиб, неустойка ундириш чоралари кўриб келинмоқда.
Масалан, январь ойида Хонобод шаҳрида жойлашган “Ҳикматулло” МЧЖ раҳбарининг АТ “Халқ банки” Марҳамат, Хўжаобод ва Асака туман филиаллари томонидан шартнома шартлари бажарилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, “Ҳикматулло” МЧЖ билан АТ “Халқ банк” Марҳамат, Хўжаобод ва Асака туман филиаллари ўртасида 2013 йил май-август ойларида пудрат шартномалари тузилган.
Ушбу пудрат шартномаларига асосан, даъвогар жавобгарнинг буюртмасига кўра, жавобгарга тегишли бўлган маъмурий биноларни лойиҳа смета ҳужжатларида кўрсатилган таъмирлаш ишларини бажариб бериш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 1.4-банди талабига кўра, даъвогарга ишларни бажариш муддати жамиятнинг ҳисоб рақамига бўнак пул маблағи ўтказилган кундан бошлаб, 60 кунлик муддатда бажариб бериш белгиланган.
Бироқ банклар томондан шартноманинг 3.3-банди талабига кўра, шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб, 3 банк иши кунида шартнома умумий суммасининг 30 фоизи миқдоридаги қисмини бўнак сифатида тўлаб беришлиги кўрсатилган бўлса-да, ушбу талаб бажарилмаган.
Шу сабабли, тарафлар ўртасида тузилган шартномага ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Қонун талабларига асосанланиб, бошқарма томонидан кечикиб тўловни тўланганлиги сабабли, АТ “Халқ банк” Марҳамат, Хўжаобод ва Асака туман филиалларидан жами 90 миллион 299 минг сўм миқдорида неустойка (пеня) ундириш бўйича вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди.
Ф.Ашматов, Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими