19

Лоқайдлик жавобгарликка сабаб бўлади


Жорий йилнинг 1-чораги давомида адлия бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятнинг Олтинкўл, Қўрғонтепа, Булоқбоши ва Асака туман ҳокимликларида тумандаги тадбиркорлик субъектлари, тадбиркор бў­лиш истагидаги фуқаролар, ёш коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, “Ягона дарча” марказлари фаолияти, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар ва имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатишда хизмат кўрсатувчи ва рухсат берувчи давлат органлари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёни мониторинг қилиниб, 2016 йил 1-чораги давомида тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган 2415 та хизматдан жами 24 та тадбиркорнинг мурожаати рад қилинганлиги, 14 та тадбиркорлик субъектининг мурожаатлари кўриб чиқилишида муддатлар бузилиши аниқланиб, мазкур мурожаатлар асослилиги ўрганилиб бир қатор қонунбузилишлар аниқланди.

Жумладан, ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида “Ягона дарча” марказларига давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан келиб тушган мурожаатлар асосида Шаҳрихон тумани “Сувоқава” шўъба корхонаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда муддат бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, 2016 йил 10 февралда Шаҳрихон туманида фаолият юритувчи Якка тартибдаги тадбиркор Муқаддасхон Ахмедова Шаҳрихон тумани, Абдубий ҚФЙ, Шерқўрғон МФЙда дорихона ва маиший хизмат кўрсатиш дўконини сув тармоғига уланишида техник шарт тайёрлаб беришни сўраб Шаҳрихон тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” марказига ёзган аризаси марказ томонидан шу куннинг ўзида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун “E-IJRO” электрон тизими орқали “Сувоқава” давлат унитар корхонаси Шаҳрихон туман филиалига юборган.

Ушбу мурожаатни ўрганиб чиқишда, “Сувоқава” давлат унитар корхонаси Шаҳрихон туман филиали томонидан белгиланган муддатларга риоя этилмаган ҳолда 2016 йил 20 февралда, яъни 11 кунга кечиктирилиб 25 сон билан техник шарт берилган. Жавоб хати сифатида “Сувоқава” давлат унитар корхонасининг 25-сонли техник шарти алоқа хатисиз юборилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 491-бандида сув таъминоти ва канализацияга 2 иш куни мобайнида улашга техник шарт берилиши, 77-бандида мазкур Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беришлари белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу қонунбузилиш ҳо­лат­ла­рини келгусида такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилиб, туман (шаҳар) филиаллари масъул ходимлари иштирокида янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини мунтазам равишда тушунтириб бориш вазифалари белгилаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда тадбиркорлик фао­лия­тининг ҳар томонлама қўллаб-қув­ватланаётгани ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар самарасини белгиловчи мезондир. Тадбиркорликни ривожлантириш ҳар бир давлатда ҳам жамият равнақи, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳамда барқарор иқтисодиётни таъминлашга хизмат қилади.

Хайрулло Собиров, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари