13

Васият бўйича ворисликда давлат нотариал идораларининг иштироки


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 18-моддасига кўра, фуқаролар мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари, мол-мулк­ни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари, шунингдек, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Ҳар бир фуқаро хусусий мулкини ва мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини хоҳлаган жисмоний ва юридик шахсга мерос ҳуқуқи асосида, шу жумладан, васият бўйича ворислик ҳуқуқи асосида васият қилиб қолдиришга, ҳар бир фуқаро қонун ёки васият асосида мол-мулкни, мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини мерос қилиб олишга ҳақли.

Васият бўйича меросхўр бўлиши ман қилинган шахслар рўйхати қонунда назарда тутилмаган. Лекин, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1119-моддасида назарда тутилган асосларда ворис, шу жумладан, васият бўйича ворис этиб тайинланган шахс ҳам суднинг ҳал қилув қарори билан нолойиқ меросхўр деб топилиб, мерос олишдан четлаштирилиши мумкин. Демак, мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан биронтасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахс­лар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустаснолиги белгилаб қўйилган.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишга қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворис бўлишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Фуқаролик кодексининг 1118-моддасида мерос­хўрларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланган. Унга кўра «Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин». Демак, қонун бўйича меросхўрлар доирасига асосан мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган ва мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар кирса, васият бўйича меросхўрларни тайинлаш мерос қолдирувчининг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади ва фақатгина унинг хоҳиш-иродаси билан эркин танланади.

Васият бўйича меросхўрлар доирасига кириш учун фуқаронинг миллати, фуқаролиги, турар-жойи, ижтимоий келиб чиқиши, эгаллаб турган мансаби ёки моддий аҳволи ҳамда муомалага лаёқатсизлиги таъсир этмайди.

Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Мерос қолдирувчи ўзи васиятномада меросхўр этиб та­йинлаган шахсларга, ўз навбатида, вафот этишлари эҳтимоли билан ўзларига васият қилинган мол-мулкини муайян тарзда тасарруф этиш хусусида кўрсатма бериш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги 64-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома 173-бандига кўраВасиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Мазкур Йўриқноманинг 179-банди талаби бўйича нотариус васиятномани тасдиқлашда васият қилувчига Фуқаролик кодексининг 1127 ва 1142-моддалари мазмунини тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида кўрсатиб ўтади.

Нотариуслар томонидан васиятнома тасдиқлангандан кейин васият қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, васиятномани тасдиқлаш санаси ва реестр рақами ҳамда унга ўзгартириш киритилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар васият қилувчининг доимий прописка қилинган жойдаги мерос расмийлаштириладиган давлат нотариал идорасига ўн кун муддатда юборилади.

Н.Ибрагимов, Андижон туман 1-сон ДНИ нотариуси